Ўзбекистон ННТ мажбуриятларига ўзгартириш киритади
Жамият
−
01 Май 2019
4104“Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 8-моддасига ўзгартиш киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилди.
Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикасининг 1999 йил 14 апрелда қабул қилинган “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги 763-I-сонли Қонуни 8-моддасининг (Нодавлат нотижорат ташкилотининг мажбуриятлари) учинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён қилиниши мумкин:
“Нодавлат нотижорат ташкилотларининг ўтказилиши режалаштирилаётган тадбирлари ҳақида хабардор қилиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан, шунингдек чет давлатлардан, халқаро ва чет эл ташкилотларидан, чет давлатларнинг фуқароларидан ёки уларнинг топшириғига биноан бошқа шахслардан пул маблағлари ва мол-мулк олишни рўйхатдан ўтказувчи орган билан келишиб олиши тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади”.
8-модданинг учинчи қисми амалдаги таҳрири ҳозирда қуйидагича:
Нодавлат нотижорат ташкилотларининг тадбирлар ўтказишни, шунингдек чет давлатлардан, халқаро ва чет эл ташкилотларидан, чет давлатларнинг фуқароларидан ёки уларнинг топшириғига биноан бошқа шахслардан пул маблағлари ва мол-мулк олишни рўйхатдан ўтказувчи орган билан келишиб олиши тартиби Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан белгиланади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
• ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштиради;
• давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминлайди;
• ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминлайди.