“Ўзбекистон”нинг сирли савдоси. Харидори чиқмаётган “Ўзбекистон”
Таҳлил
−
01 Декабрь 2022
21403Нархи йилдан йилга пасайтириладиган, аммо, бозори ҳеч чопмаётган, савдолари ўта сирли ўтувчи, бироқ, натижасиз тугайдиган Ўзбекистон меҳмонхонаси яна қайта сотувга қўйилади. Бу ҳақида Давлат активларини бошқариш агентлиги QALAMPIR.UZ’нинг қайта-қайта мурожаатларига жавобан уч ой деганда базўргина маълум қилган.
Агар эсингизда бўлса, 2020 йилнинг 28 май куни “Otel O‘zbekiston” МЧЖ ҚКнинг 80,13 фоизлик давлат улуши Сингапурнинг “Bashan Investment Group PTE.LTD” компаниясига сотилган эди.
Компания зиммасига эса икки йил давомида бу бино учун 23,2 млн доллар тўлаш, 1,5 йил ичида 100 млрд сўм инвестиция киритиш ва меҳмонхонани 4 юлдузли меҳмонхонага айлантириш каби яна бир қатор шартлар қўйилган.
Бироқ, орадан икки йилдан ошиқ, аниқроқ қилиб айтганда нақ икки ярим йил вақт ўтган бўлишига қарамай шарномада белгиланган ҳеч бир шарт бажарилмади ва шу сабабли Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги Сингапур компанияси билан шартномани бекор қилди.
“Шартномада белгиланган мажбуриятлар инвестор томонидан бажарилмаганлиги сабабли давлат тендер комиссиясининг тегишли йигилиш баёнларига асосан “Otel O'zbekiston” МЧЖ ҚКнинг устав фондидаги 80,13 фоиз давлат улуши «Bashan Investment Group PTE. LTD»га сотиш бўйича тузилган олди-сотди шартномаси бекор килинганлиги хамда бугунги кунда Давактив агентлиги томонидан “Otel Uzbekistan” Мчж ҚКнинг устав фондидаги сотилиши белгиланган давлат улушини кайта савдога чикариш бўйича тегишли ишлар амалга оширилаётганлиги маълум қилинади”, дейилади QALAMPIR.UZ сўровига қайтарилган жавоб хатида.
Бир сўз билан айтганда савдо омадсиз якунланди. Икки ярим йиллик вақт ютқазилди. Нега? Нима учун Ўзбекистондаги айрим йирик обектлар билан , хусусан, “Чорсу” меҳмонхонаси, “Ўзбекистон” меҳмонхонаси кабилар билан доим бир хил сценарий такрорланаверади?
Аввалига сирли тарзда сотилади, тендер савдоларининг қандай ўтгани, қандай корхоналар қатнашгани тўғрисида Давактив ҳеч қандай маълумотни очиқламайди. Шу тариқа аллақайси бир корхона ғолиб деб топилади ва бу ҳамма жойда эълон қилинади. Бир ярим-икки йил вақт ичида амалга оширадиган ишлари саналади, унга юксак ишонч билдирилади. Бўлди шу билан тамом!
ОРАДАН 2 ЙИЛ ЎТДИ!
Ҳеч қандай иш бажарилмади. Инвестиция киритилмади. Таъмирланмади. Ҳар савдода шу бўлар такрор!
Ўзбекистондаги бундай сирли инвестицион лойиҳалар ҳақида хусусийлаштириш соҳасида бир неча йиллик тажрибага эга бўлган иқтисодчи Абдулла Абдуқодировдан интервью олдик.
“Хусусийлаштиришнинг аҳамияти шундаки сиз бозорга картошка олиб чиқмайсиз. Ҳар битта обьектнинг ўзига яраша аҳамияти бор. Шунга қараб Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳаракатини қилиш керак. Лекин уларда ҳар битта обьектга нисбатан алоҳида ёндашув йўқ. Энг катта хатоси ҳам шунда”, деди иқтисодий таҳлилчи Абдулла Абдуқодиров.
“Bashan Investment Group PTE. LTD” масъулияти чекланган жамияти Сингапурда 2005 йили 2 декабрь куни рўйихатдан ўтказилган бўлиб, унинг устав фонди атиги 20 долларни ташкил қилади. Мазкур инвестицион компаниянинг асосий фаолияти — бошқа холдингларни бошқариш, иккиламчи фаолияти эса —сериаллари, эстрада шоуларини ва ҳужжатли филмларни, шу жумладан, телевизион шоуларни ишлаб чиқаришдир. Шунингдек, мазкур корхона икки йил ичида карерасида меҳмонхона туризми бўйича қандай ўзгаришлар қилгани ҳақида маълумотлар мавжуд эмас.
Шунингдек, ижтимоий тармоқларда корхонанинг бирорта саҳифаси ҳам топилмади. Давактив QALAMPIR.UZ’нинг хатига жавобан фақат “Bashan Investment Group PTE. LTD” билан шартноманинг бекор қилинганини маълум қилган. Аммо QALAMPIR.Uz ўзининг ёзма мурожаатида Тошкентнинг энг қадимий ва энг обрўли меҳмонхонаси нима учун тарихи ва тақдири сўроқ остида бўлган корхонага сотилгани, яна қандай корхоналар тендерда иштирок этганини ҳам сўраган эди. Бироқ агентлик бу саволларимизни очиқ қолдирган.
Бундан ташқари, меҳмонхона фаолияти тарихи билан боғлиқ кўплаб саволлар ҳали-ҳануз ўз жавобини топгани йўқ. Шароф Рашидов даврида бунёд этилган муҳташам, сердаромад объект қандайдир усуллар билан “Ботир Алюминий” номи билан танилган миллиардер, тадбиркор Ботир Рахимов қўлига ўтиб қолади.
Уни ким сотгани, қанчага сотгани, хўп, сотилган бўлса, пуллар нимага сарфлангани ҳақидаги маълумотларни бугун кундузи чироқ ёқиб ҳам топиб бўлмайди.
Ботир Рахимовнинг шахсан ўзи 2006 йил март ойида“Элита общества” журналига берган интервьюсида “Ўзбекистон” меҳмонхонаси мамлакатнинг энг йирик меҳмонхонаси бўлиб, авваллари Раҳимовни у ерга йиғилишлар, концертлар, йирик тақдимотлар ва бошқа муҳим тадбирлар учун чақиришган.
“Фақат “Ўзбекистон” меҳмонхонасига таклиф қилишнинг ўзиёқ инсоннинг мақоми ва даражасидан далолат берарди. Ҳозирда Ботир “Ўзбекистон меҳмонхонаси” қўшма корхонаси асосчиларидан бири. Деярли бир ой ўтгач, 5000 м ҳудудда тунги клубга эга янги кўнгилочар мажмуа очилади, унда италян, хитой ва япон таомлари тақдим этиладиган уч ёки тўрт хил ресторан мавжуд. “Ўзбекистон” меҳмонхонаси реконструкция ва модернизациядан сўнг нафақат республика, балки бутун Марказий Осиё минтақаси учун ноёб лойиҳага айланади”, дея келтирган нашр.
Аммо, 2010 йилда Ислом Каримов олигархларга қарши жиддий кураш эълон қилди. Унда Ботир Рахимов ҳам яхшигина зарба олган ва шу тариқа меҳмонхона Ўзбекистон ҳукуматининг қўлига ўтган. Лекин давлат меҳмонхонанинг фақат 80,13 % улушига эгалик қилади. Қолган 19,87 %лик улушнинг асл эгаси ким эканлиги эса ҳозир ҳам номаълум.
Тўғри, ҳужжатларда меҳмонхонанинг 11,70% улуши “Nafteco Projects LLP”, 8,20% лик улуш эса “Ashton Export LLP” хусусий корхоналарига тегишли эканлиги ёзилган. Аммо Маршалл оролларидан рўйхатдан ўтказилган ҳар икки корхона ҳам худди “Bashan investment” каби сирли, тармоқларда саҳифалари мавжуд эмас, эгаси кимлиги, фаолияти қандайлиги ва меҳмонхонанинг улушлари уларга қачон сотилгани аниқ эмас.
“Хусусийлаштиришга ҳеч қандай тайёргарлик кўрилмаган. Инвесторлар танланаётганда уларга қўйилаётган шартлар тушунтирилмаган. Инвесторлар борасида катта хатога йўл қўйилган. ҳақида маълумот берилмаган. Масалан шу меҳмонхонанинг ҳам тендер савдоларида 6 та корхона қатнашяпти,уларнинг орасидан “Bashan Investment Group PTE. LTD” танлаб олинди каби “осмонўпар оғиз кўпирар” гаплар айтилган эди. Лекин шундоқ интернетга кириб қарасангиз бу корзона атиги 4 нафар кишидан иборат, устав капитали атиги 20 долларлик ва 2018 йилдан бери ҳеч қандай фаолияти кўрсатилмаган қоғозда бор, амалда йўқ битта қандайдир гуруҳ. Балки ўша “Ўзбекистон” меҳмонхонасига алоқадор бўлган ўзимизнинг “қора кўзлар”дир. Чунки Сингапур бу офшор зона. У ерда маълум бир миқдордаги инвестиция эвазига чет элликлар бемалол корхона очиши мумкин. Шунингдек, корхона виртуал манзилда жойлашган. Қандай қилиб “Ўзбекистон”дай меҳмонхона учун шундай шубҳали меҳмонхона ғолиб деб топилиши мен учун жуда тушунарсиз ҳолат. Ваҳоланки бу ерда кимдир кимгадир буйруқ берган, қолганлар эса ўша буйруқни бажаришга мажбур бўлган. Бу аниқ гап”, деди иқтисодчи.
Ҳукуматнинг меҳмонхонани сотмоқчилиги ҳақидаги илк хабарлар 2018 йилда эълон қилинган эди. Унда эса Ўзбекистон меҳмонхонасининг 80,13 фоиз давлат улуши Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 14 августда қабул қилган “Меҳмонхона соҳасига қўшимча инвестицияларни жалб этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, модернизация ва реконструкция қилиш мажбурияти билан оммавий савдоларга қўйилиши белгиланган эди. Қарорда ёзилишича, меҳмонхонани сотиш таклифи Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитасидан ва Тошкент шаҳар ҳокимлигидан чиққан.
“Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари —Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси Суҳроб Холмурадов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Азиз Абдухакимов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси зиммасига юкланган”, дея келтирилган “Меҳмонхона соҳасига қўшимча инвестицияларни жалб этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамаси қарорида.
Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ҳозирги пайтда Инвестициялар ва Ташқи савдо вазирлигига айланган. Давлат активларини, қонунчиликда белгиланган тартибда, инвесторларга сотилишини таъминлаш вазифаси зиммасига юкланган қўмита раиси С.Р. Холмурадов 2019 йили бирданига ғойиб бўлиб қолди. 45 ёшли Суҳроб Холмуродов банк бошқарувчилигидан Бош вазир ўринбосари лавозимигача кўтарила олган эди. Унинг ўрнига эса кўп йиллик чиновник Элёр Ғаниев тайинланади. Аммо кўп ўтмай у ҳам лавозимни тарк этади. Қўмита вазирлик даражасига кўтарилгач Сардор Умурзоқов лавозимга келди. У Президент Админстрацияси раҳбари этиб тайинлангач, ўрнига Жамшид Хўжаев Инвестициялар ва ташқи савдо вазири бўлди.
Хуллас, Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов ҳам, ғойиб бўлган Суҳроб Холмуродов, унинг ўрнига келган Элёр Ғаниев, собиқ вазир Сардор Умурзоқов, ҳозирги Инвестициялар вазири Азиз Воитов, Давлат активларини бошқариш агентлиги раиси Акмалхон Ортиқов ҳам Ўзбекистон меҳмонхонаси учун яхши бир инвестор топишнинг, уни сотиш каби масъулиятли вазифанинг уддасидан чиқа олмади.
“Ўша “бизнес эгалари” бундан манфаатдор. Чунки сотиб олишга ҳозир уларнинг расман имконияти йўқ. Лекин, қачондир сотиб оламан деб қўлдан келганча хаос қилади, ҳеч кимнинг қўлига ўтказмасликка ҳаракат қилади.Хоҳласа қўрқитади, хоҳласа ижтимоий фикр ҳосил қилади. Хуллас, ҳамма ишни тўхтатиб қўяди. Лекин ҳамма гап давлатнинг қудрати борми-йўқми, деган саволга келади. Ёки шаҳар бедарвозами? Давлат активларини бошқаришда ўзи ғурур борми? Ёки ким келса шунга савол бериб юраверадими? Ҳамма савол шунда. Сиз келтирган ва ўзим ўрганган маълумотлар мен учун даҳшат. Мен шунчалик парокандаликка тушиб кетганимизни билмаган эканман”, деди Абдуқодиров.
Масъуллар уддалаган ягона иш эса меҳмонхонанинг нархини тушириш бўлди.
Мазкур давлат улушининг нархи даставвал 33 млн долларни ташкил этиб, 3 йил муддатда бўлиб тўлаш ҳамда 2 йил ичида 100 млрд сўм инвестиция киритиш шарти билан танлов савдоларига чиқарилганди. Аммо...
“Бугунги кунга қадар 50 дан зиёд маҳаллий ҳамда хорижий инвесторлар билан музокаралар олиб борилганига қарамай ҳеч қайси бир инвестор томонидан мазкур меҳмонхонани сотиб олиш юзасидан аниқ бир таклиф берилмади”, дейилади Давактивнинг бундан 3 йил олдинги расмий баёнотида.
Ўша пайтда Агентлик меҳмонхонанинг сотилмаётганини қуйидагича изоҳлаган:
“Меҳмонхонанинг жойлашуви ўта қулай, сайёҳларни жалб этиш борасида имкониятлари кенг. Аммо, мазкур давлат активининг дастлабки нархи бугунги кундаги реал ҳолатига нисбатан анча баланд эди. Меҳмонхонанинг йиллик даромадлари ҳисоб китоб қилинганда ҳам уни қоплаш учун бир неча 10 йиллар керак бўлиши, қолаверса, хоналар баландлиги ва кенглиги 4 ёки 5 юлдузли меҳмонхоналар талабига тўғри келмаслиги, бино қурилишида бетондан фойдаланилгани боис, уни бузиб қайта қуришга ҳам жуда кўп меҳнат ва маблағ сарф этилишини айтишган”.
Тўхтанг, демак, агар чет эллик тадбиркор меҳмонхонани сотиб олса уни бутунлай бузиб ташлаши ҳам мумкими? Ахир сал кам 50 йиллик бу бино аллақачон Тошкентнинг ташриф қоғозига айланиб улгурганку.
“Бу бино нафақат Тошкентнинг, балки бутун Ўзбекистоннинг рамзига айланиб қолган. Бугунги кунда ХХ аср бинолари камайиб кетяпти. Эртага авлодларимиз сўрайди, шунда нимани кўрсатамиз? Биз бу биноларни сақлаб қолишимиз керак. Акс ҳолда Ўзбекистон яна бир рамзни йўқатиши мумкин”, деди QALAMPIR.UZ билан суҳбатда бўлган архитектор-реставратор Муҳаммаджон Фозилий.
Гарчи меҳмонхонанинг нархи бирданига 30 % га пасайтирилган бўлсада, бу унчалик ҳам фойда бермади. Хўш, қонунчиликка кўра шартнома талабларини бузгани учун сингапур компаниясига ҳеч бўлмаса жарима қўллаш мумкинми?
Иқтисодчи Абдуқодировнинг фикрича, бунинг иложи йўқ. Чунки корхона виртуал манзилли, устав фонди 20 доллар бўлган корхона. Ундан жарими ундириш қийин. Лекин унинг қўшиимча вилишича, бу вазиятда Давактив агентлигини жавобгарликка тортиш мумкин.
Бугун жамият олдида “Ўзбекистон” меҳмонхонаси билан боғлиқ икки йирик муаммо кўндаланг турибди:
Биринчиси, уни гапида турадиган ёки аниқ бир инвесторга сотиш;
Иккинчиси, тарихий қийматини ўзгартирмаган ҳолда сақлаб қолиш.
Хўш, агар Ўзбекистон меҳмонхонаси яна сотувга қўйиладиган бўлса, бу сафар унга масъулиятли инвестор топиладими? Уни топиш масъулларнинг қўлидан келармикан?
Ўйлаймизки, тендерларда яна сирли корхоналар сирли тарзда ғолиб чиқаверса, унга доир маълумотлар шундай сир сақланаверса, Ўзбекистон меҳмонхонаси бундан кейин ҳам инвесторларда қизиқиш уйғотмаслиги, яна сотилмай қолиши мумкин. Савдо жараёни шаффоф ва очиқ ўтадиган бўлса, барча маълумотлар рўй-рост айтиладиган бўлса, бизнинг фикримизча, мақсадга эришишса бўлади.
LiveБарчаси