Ўзбекистон мувозанатни сақлашга мажбур – АҚШ элчиси Тошкентнинг Украина урушидаги позицияси ҳақида
Жамият
−
13 Апрель 2022
14082АҚШ Ўзбекистоннинг Украина можаросидаги позициясини тушунади ва ҳурмат қилади. Манфаатлар боис Ўзбекистон мувозанатли йўл тутишга мажбур. Бу ҳақда АҚШнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Дэниел Розенблюм “Америка Овози”га берган интервьюсида сўз очган.
Журналист элчидан Ўзбекистоннинг стратегик шериги сифатида Украина можаросида унинг позициясини қандай тушуниши ва Тошкент қандай йўл тутаётгани ҳақида сўраган.
“Тушунаман ва бу позицияни ҳурмат қиламан, чунки Ўзбекистон нақадар мураккаб вазиятда эканини англаймиз. Географик ва тарихий омиллар бор. Манфаатлар боис Ўзбекистон мувозанатли йўл тутишга мажбур. Савдо алоқалари ва сармоя, шунингдек Россияда меҳнат мигрантлари ҳам бор. Улар юборадиган маблағ мамлакат иқтисоди учун салмоқли сармоя. Ўзбекистон учун ҳаёт-мамот масалалари бу. Биз буни тушунамиз”, дейди Розенблюм.
Элчи Украинадаги мураккаб вазият ҳақида кўп тўхталмоқчи эмаслиги, аммо АҚШ томони ҳамиша суверенитет ва мустақиллик, ҳудудий яхлитликни эъзозлаши ҳамда уларни ҳимоя қилишини айтиб ўтган.
“Суверенитет ва мустақиллик, ҳудудий яхлитлик – дунё барқарорлиги учун ўта муҳим халқаро принциплар. Улар четга улоқтирилса, бузилса, қудратлиман деган давлат бошқасини вайрон қилади. Россиянинг Украинага бостириб киришида шуни кўряпмиз. Фикримча, бу принциплар Ўзбекистон учун ҳам чуқур аҳамият касб этади. Бунга унинг 30 йилда босиб ўтган мустақиллик йўлидан гувоҳмиз”, дейди у.
Бундан ташқари, Розенблюм Ўзбекистон ва АҚШ бир-бирининг позицияларини тушуниши учун очиқ гаплашиб туриши кераклигини урғулаган.
“Ташқи ишлар вазири [Абдулазиз] Комиловнинг яқиндаги баёнотини тингладик. Назаримда у тушунтирган сиёсат асосли, мантиқли ва аниқ. Шундай экан, саволингизга жавобим: Албатта, бу сиёсатни тушунамиз. Ўзбекистон билан дунёдаги, шу жумладан, минтақадаги ҳозирги муаммоларга қарши биргаликда курашишга бел боғлаганмиз”, дейди элчи.
Эслатиб ўтамиз, Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Сенатдаги чиқишида Ўзбекистон Украинадаги вазиятга тинч йўл билан ечим топиш ва можарони сиёсий дипломатик воситалар ёрдамида ҳал қилиш тарафдори эканини айтганди. Шунингдек, у Ўзбекистон Республикаси Украинанинг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини тан олишини ҳамда Луганск ва Донецк халқ республикаларини тан олмаганини маълум қилганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь