Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисига ўринбосар тайинланди
Жамият
−
08 Май
14972Самарқанд вилояти бош имом-хатиби Зайниддин Эшонқулов Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари лавозимига тайинланди. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси хабар берди.
Бугун, 8 май куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназаров раислигида видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтган. Унда масжидлар ҳолатини яхшилаш, мўмин-мусулмонлар эҳтиёжларини таъминлаш ва имом-домлалар фаолиятини ривожлантиришга доир масалалар кўриб чиқилиб, бир қатор топшириқлар берилган
Йиғилишда ташкилий масала ҳам кўрилди. Унда ўз аризасига кўра вазифасидан озод этилган Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Жалолиддин Ҳамроқулов ўрнига Самарқанд вилояти бош имом-хатиби Зайниддин домла Эшонқулов шу лавозимга тайинланди.
Маълумот учун, Зайниддин Эшонқулов 1976 йилда туғилган. Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ва Самарқанд давлат университетини тамомлаган. Шунингдек, Миср Араб Республикасидаги “ал-Азҳар” университети малака ошириш курсини ўтаган.
У меҳнат фаолияти давомида Тошкент шаҳридаги “Ҳофиз Кўҳакий”, “Имом Бухорий” жоме масжидларида имом-хатиб ва Ўзбекистон мусулмонлари идорасида турли вазифаларда хизмат қилган. 2014 йилдан буён эса Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби ва Пайариқ тумани “Имом Бухорий” масжиди имом-хатиби вазифаларида меҳнат қилаётган эди.
LiveБарчаси