Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси ташкил этилмоқда

Спорт 2403
image

Ўзбекистон миллий паралимпия ассоциацияси негизида Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси ташкил этилади. Ўзбекистон Президентининг “Паралимпия ҳаракатини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида шу ҳақида маълум қилинган.

Қарорга кўра, Паралимпия қўмитаси Ўзбекистон миллий паралимпия ассоциациясининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари, жумладан халқаро шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади. 

Паралимпия қўмитасининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:

  • паралимпия спорт турларини оммавийлаштириш, иқтидорли спортчиларни аниқлаш, танлаш ва саралаш (селекция) ҳамда уларни профессионал спортчилар сифатида тайёрлашнинг янги тизимини йўлга қўйиш;
  • ёзги ва қишки паралимпия спорт турларини ривожлантиришга кўмаклашиш, спорт объектлари ва иншоотларининг концепциялари, техник топшириқлари, техник-иқтисодий асослари/параметрлари ва бошқа лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқишда иштирок этиш;
  • паралимпия спорт турлари билан шуғулланадиган тренерлар, услубчи-йўриқчилар ҳамда бошқа мутахассисларни қайта тайёрлаш, малакасини ошириш ва касбий ривожлантиришнинг замонавий ва самарали тизимини жорий этиш;
  • республикада ёки бошқа халқаро спорт федерациялари (ассоциациялари) ва бошқа ташкилотларида ўз аъзоларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ифодалаш ва ҳимоя қилиш, ўз аъзоларини ахборот, илмий-услубий ва моддий-техник жиҳатдан таъминлаш;
  • паралимпия спорт турларини ривожлантириш бўйича клублар фаолиятини ташкиллаштириш ва самарали бошқариш, миллий ва халқаро спорт ташкилотлари билан яқиндан ҳамкорлик қилиш ва тажриба алмашиш.

Бундан ташқари, Президентнинг янги қарори билан паралимпия спорт турларини ривожлантириш ва мувофиқлаштириш, услубий қўллаб-қувватлаш ва мониторинг қилиш мақсадида Паралимпия қўмитасининг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилади.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 9
Рейтинг: 3.4
t
×