Ўзбекистонда контрабанда ва контрафакт маҳсулотлар сони ортмоқда

Бизнес

Жорий йилнинг 19 октябрь куни Ўзбекистон Либерал демократик партияси пресс клубининг “Яширин иқтисодиётни қисқартириш, товарларнинг ноқонуний айланмасининг олдини олиш чоралари” мавзусида навбатдаги сессияси бўлиб ўтди. 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Маҳаллий Кенгашлар депутатлари, вазирлик ва идоралар вакиллари ҳамда тадбиркорлар иштирокида ўтказилган мажлисда товарларнинг ноқонуний айланмасини олдини олиш, айниқса, фармацевтика, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари контрабандасига чек қўйиш масалалари муҳокама қилинди.

Сессияни олиб борган ЎзЛиДеП бўлим мудири Бахтиёр Руҳиддиновнинг айтишича, айнан бу мавзунинг танланишига сабаб фармацевтика воситаларининг жамият соғлиги билан боғлиқ эканлиги, шунингдек, сўнгги кунларда алкоголь ва тамаки маҳсулотларидан заҳарланиш ҳолатларининг кўп учраётгани ва ёшлар орасида оммалашиб бораётганидир.

Масъуллар эса курашни бошлашдан аввал қонунчилигимиздаги камчиликларни тузатиш кераклигини таъкидлашмоқда. Чунки бу камчиликлар муаммони ҳал қилишда уларнинг оёғига тушов бўлиб турибди. 

Шу сабабли Ўзбекистонда ноқонуний йўл билан кириб келган, сифатсиз дори-дармонлар улуши ҳам ортиб бормоқда. Масалан, жорий йилнинг 9 ойи давомида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигига 1000 дан ошиқ сифатсиз дори-дармонлар бўйича аризалар келиб тушган ва натижада 7000 турдаги сифатсиз ҳамда қалбаки дори-дармон турлари аниқланган. Бу ҳақида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори маслаҳатчиси Муҳаббат Ибрагимова маълум қилди. Унинг айтишича, Ўзбекистон фармацевтика бозорида жами 1 мрлрд 400 млн долларлик дори-дармон воситалари айланмоқда. Агар унга ноқонуний сотилаётган, қалбаки дорилар ҳам қўшилса, бу рақамлар қанчалик ўзгаришини аниқ айтиш қийин.

Бундан ташқари, Либерал демократик партия Ўзбекистонда алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг контрабандасига тўхталиб ўтди ва масъуллардан бу бўйича изоҳ олди. 

Алкоголь ва тамаки маҳсулотлари бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги вакили Комилжон Абдураҳимов Ўзбекистонда алкоголь контрабандасига қараганда контрафактлари жуда кўп эканлигини айтди. Тамаки маҳсулотлари орасида эса контрабанда улуши юқори туради.

“Сўнгги таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки Ўзбекистонда тамаки маҳсулотларининг ноқонуний айланмаси 4 фоиздан 15 фоизга ошган”, деди Абдураҳимов.

Давлат солиқ қўмитаси томонидан 2021 йилда амалга оширилган сайёр солиқ текширувларида 2 трлн сўмдан ошиқ қийматдаги жами 154 минг 914 шиша акциз маркасиз, қалбаки алкаголь маҳсулотлари аниқланган.

Мазкур кўрсаткичлар Ўзбекистоннинг ичида аниқланаётган рақамлардир. Бироқ, мамлакатимиз чегараларида ҳам аниқланаётган, тўхтатиб қолинаётган контрабанда маҳсулотлари ҳам оз эмас. Шундай бўлса-да, қалбаки маҳсулотларни олиб киришнинг уддасидан чиқаётганлар барибир топилади. 

Товарларнинг ноқонуний  айланмасига чек қўйиш борасида Ички Ишлар вазирлигининг ҳам қиладиган ишлари анча. Сессияда иштирок этган  Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги тергов департаментининг Коррупция ва фирибгарлик ҳамда иқтисодий жиноятларни тергов қилиш бўлими ўта муҳим ишлар бўйича терговчиси Азиз Зокировнинг  айтишича, улардаги рақамлар ҳам салбий маънода ошган.

“Умумий ҳисоботларимизга кўра, 2021 йилда қалбаки дори-дармон воситаларини сотиш ҳамда алкоголь, тамаки маҳсулотларининг ноқонуний сотилишига оид жиноятлар 124 тани ташкил қилган. 2022 йилда эса бу рақамлар сезиларли даражада ошиб 174 тани ташкил қилмоқда”, деган у.

Бош прокуратура эса ноқонуний товарлар айланмасига, яширин иқтисодиётнинг ўсишига хисса қўшаётганларни аяб ўтиргани йўқ.  

“Жорий йилнинг 9 ойи мобайнида 102 та мазкур йўналишлардаги ҳуқуқбузарликка оид ишлар қўзғатилган. Улардан 67 таси жиноят ва 35 таси маъмурий ишларга тўғри келади”, дея маълумот берди Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаменти жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бош инспектори Дилрабо Курязова.

Унинг қўшимча қилишича, Ўзбекистонда фармацевтика ва алкаголь-тамаки маҳсулотлари ноқонуний савдосининг ҳуфиёна иқтисодиётдаги улуши энг юқори ўринда туради.

Масъул ташкилотлар ваниҳоят муаммоларни баралла айтишни бошлади. Ҳисоботларда яхшиланаётган ялтироқ рақамларни эмас, йилдан-йилга салбий ўсиб бораётган статистикани тилга олди. Бу, албатта, ижобий ҳолат. Чунки, муаммога тик қараш, уни тан олишнинг ўзи ҳам муаммоларнинг ҳал этилиши учун дастлабки қадамдир. Бироқ, бу ҳали ечим дегани эмас. Қачонки мамлакатда  яширин иқтисодиётни кескин қисқартириш, товарлар ноқонуний айланмасининг олдини олиш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шаффоф иқтисодиёт ва рақобат муҳитини яратиш каби вазифалар бажарилгандагина мақсадга эришилгани ҳақида бонг урса бўлади. Бу йўлда эса Ўзбекистон Либерал демократик партия мана шундай масъулларни бир жойга йиғиб, бир ёқадан бош чиқаришга, мамлакатимизга контрабанда ва контрафакт маҳсулотлар кириб келмаслиги учун уларнинг биргаликдаги саъй ҳаракатларини таъминлашга ундаб турса бўлгани.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

26

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг