Ўзбекистон КХДРни “янчиб” ташлади: 4:0

Жамият

image

Ўзбекистонлик мухлислар томонидан узоқ кутилган Ўзбекистон терма жамоаси ва КХДР терма жамоалари ўртасидаги беллашув ўз ниҳоясига етди. Тошкент шаҳрида жойлашган “Миллий” стадионида ўтказилган ўйин бир-биридан фарқланувчи икки тайм билан мухлислар хотирасида сақланиб қоладиган бўлди. 
 
Учрашувнинг биринчи таймида ўзбек футболчилари майдонда тўла устунлик билан ҳаракат қилишди. Қолаверса, кореялик футболчиларнинг 140 кундан бери ўйин амалиётисиз қолаётганликлари таъсир кўрсатдими, шарқий осиёликларнинг ўйини умуман қовушмади. 
 
Ўзбекистонликларнинг ўйин давомида уюштирган ҳужумчилари тайм ярмида ўз самарасини берди. Кутилмаганда кореялик ҳимоячининг тўп юқотиши марказдан тезкор ҳужум уюштирилишига олиб келди. Тўп билан жарима майдонига кириб борган Достон Ибрагимовни меҳмонлар ҳимоячиси қўполлик билан тўхтатишга мажбур бўлди. 
 
Ўйинни бошқариб бораётган ҳакам иккиланмай 11 метрлик нуқтани кўрсатди. Белгиланган пеналтини Ўзбекистон терма жамоаси сардори Одил Аҳмедов аниқ амалга оширган ҳолда ҳисобни очди. Шундан сўнг, голдан руҳланган ўзбекистонликлар бир қанча ҳужумларни амалга оширган бўлишса-да, бошқа ҳисоб ўзгармади. Биринчи таймда ҳисоб Ўзбекистон – КХДР 1:0. 
 
Иккинчи таймни корейс футболчилари бироз фаоллик билан бошлашди. Дастлабки 10 дақиқаликда улар Ўзбекистон терма жамоаси жарима майдони атрофида тўпга кўпроқ эгалик қилишди. Бир марта салкам 25 метрлар масофадан шимолий кореялик футболчи тўпни дарвозага куч билан йўллади. Санжар Қувватовнинг маҳорати ҳисоб тенглашишининг олдини олиб қолди. 
 
Хавотирли 10 дақиқликдан сўнг ўзбекистонликлар ўзларига келишди ва ҳужумлар сони кескин оша бошлади. Учрашувнинг 60 дақиқаларига келиб ҳужумлар самара беравермагач, Эктор Купер ҳужумчиларни алмаштиришга қарор қилди. Майдон чизиғи ёнида Игорь Сергеевнинг пайдо бўлганини кўргач, алмаштирилишини сезиб қолган ўзбекистонликлар форварди Темирхўжа Абдухолиқов шериклари томонидан узатилган ажойиб пасни голга айлантирди ва майдондаги ўрнини шеригига бўшатиб берди. 
 
Голдан кўп ўтмай заҳирадан майдонга тушган Сергеев ҳам ўз номини таблога ёздириб қўйди. Таймнинг қолган қисмини ҳам ўзбек футболчилари ҳужумкорликда ўтказишди. Бунинг самараси ўлароқ, учрашувга қўшиб берилган иккинчи дақиқада ҳимоячи Достон Турсунов якуний ҳисобни ўрнатди – 4:0.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

46

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг