Ўзбекистон хориждан газ сотиб олиш ҳажмини беш карра оширди

Жамият

image

Январь-июль ойларида мамлакатга 983,7 миллион долларлик табиий газ импорт қилинди. Бу ҳақда Статистика агентлиги хабар берди.

Қайд этилишича, Ўзбекистонга июль ойида 174,2 миллион долларлик газ импорт қилган. Бу 2023 йил июлига нисбатан 174 баравар кўп. Яъни ўтган йилнинг июль ойида хориждан 1 миллион долларлик газ сотиб олинган.

Жорий йил январь-июль ойларида мамлакат жами 983,7 миллион долларлик табиий газ импорт қилган. 2023 йил мос даврида бу кўрсаткич 201 миллион долларни ташкил этган. Яъни газ импортига 7 ойлик харажат ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан қарийб 5 баравар кўпроқ.

Статистик рақамларга қараганда, жорий йилда Ўзбекистон газ импортига қуйидаги миқдорларда маблағ сарфланган:

  • Январда – 35,6 миллион доллар;
  • Февралда – 131,1 миллион доллар;
  • Март – 193,6 миллион доллар;
  • Апрель – 102,6 миллион доллар;
  • Май – 108,4 миллион доллар;
  • Июнь – 166,3 миллион доллар.

Ўзбекистон 2023 йил 7 октябрдан Россиядан Қозоғистон орқали газ сотиб олмоқда. Масъуллар ҳозиргача газнинг импорт нархи ҳақида маълумот бермай келмоқда. 2024 йил февраль ойида Ўзбекистон ҳукумати Россия Федерациясидан газ импортини 3,5 баробарга, яъни 9 миллиондан 32 миллион куб метрга ошириш мақсадида республика магистраль газ тизимини модернизация қилмоқчилиги хабар қилинган.

Мамлакатда газ импорти ўсаётганига қарамай, газ экспорти тўхтатилмаган. Ўтган ойда 91,7 миллион долларлик газ экспорти амалга оширилган. Бу 2023 йилнинг июлига нисбатан 1,3 баробарга кўп. Яъни ўтган йилнинг июль ойида 63,9 миллион долларлик газ экспорт қилинган.

2024 йил январь-июль ойларида республика жами 323,1 миллион долларлик газ экспортини амалга оширган. 2023 йилнинг мос даврида эса бу кўрсаткич 341,9 миллион долларни ташкил этган.


Мақола муаллифи

Теглар

газ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг