Ўзбекистон халқ артисти унвони билан тақдирланган озарбайжонлик Гулянақ Маммадова ким?
Маданият-санъат
−
30 Август 2022
15725Кеча, 29 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз бир йиллиги муносабати билан фан, таълим, соғлиқни сақлаш, спорт, адабиёт, маданият, санъат соҳалари ва оммавий ахборот воситалари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармонни қабул қилди.
Эътиборлиси атоқли санъат арбобларига театр, мусиқа, кино, эстрада, цирк, телевидение ва радио эшиттиришни ривожлантиришдаги, республикада ижодий кадрларни тайёрлаш ва тарбиялашдаги алоҳида хизматлари учун бериладиган “Ўзбекистон Республикаси халқ артисти” унвонига бу йил бирорта ҳам ўзбекистонлик санъаткорлар лойиқ топилмаган.
Бугун, 30 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Озарбайжон Республикасининг бир гуруҳ фуқароларини мукофотлаш тўғрисида”ги фармонни ҳам имзолаган бўлиб, улар орасида “Ўзбекистон Республикаси халқ артисти” фахрий унвони билан Рашид Бейбутов номидаги Озарбайжон давлат мусиқа театри вокалисти Гулянақ Закир қизи Маммадова тақдирланган.
Гулянақ Маммадова ким?
Гулянақ Маммадова 1973 йилнинг 10 июнь куни Шеки туманидаги Буюк-Дахна қишлоғида дунёга келган. 1990 йилда ўрта мактабни тамомлагандан сўнг 1992-1996 йилларда Озарбайжон Миллий Консерваторияси қошидаги мусиқа коллежида таҳсил олди. Озарбайжон давлат маданият ва санъат университетининг Театр ва кино мусиқий актёри йўналишида таҳсилни давом эттирган олган хонанда, 2002 йилда университетнинг магистратура босқичини тамомлаган.
1990-1992 йилларда Шеки вилоят Маданият уйида ишлаган. 1993 йилдан Рашид Бейбутов номидаги Озарбайжон давлат мусиқий театрида вокал ижрочи бўлиб ишлаган. 1995 йилдан 1997 йилгача у Швецияда бўлиб ўтган Мальмё фестивалида иштирок этган, 2000 йилда Германиянинг Ганновер шаҳрида ўтказилган EXPO-2000 кўргазмасида ва ана шу йилнинг ўзида Туркиядаги Босфор фестивалида қатнашган.
2001-2002 йилларда “Баку-Тбилиси-Жайҳан” нефть қувурини тарғиб қилиш гуруҳининг концерт дастурида, 2002 йилда Озарбайжоннинг Европа Кенгашига аъзо бўлганининг 1 йиллиги муносабати билан Франциянинг Страсбург шаҳрида Озарбайжон номидан қатнашган. 2002-2003 йилларда Москвада бўлиб ўтган “Озарбайжон маданияти кунлари”да Озарбайжон миллий маданиятини намойиш этган. 2004 йилда Екатеринбургда бўлиб ўтган Наврўз байрамида чиқиш қилган.
У Швеция, Туркия, Россия, Украина, Беларусь, Молдова ва Австрияда ўзининг концерт дастурларини намойиш этган.
Хонанда Гулянақ Маммадова:
1998 йилда “Озарбайжонда хизмат кўрсатган артист”
2014 йилда “Озарбайжон халқ артисти” унвони билан тақдирланган.
Қолаверса, 2012 йилда Озарбайжонда “Президент мукофоти”ни қўлга киритган.
Гулянақ Маммадова Ўзбекистонда бўлиб ўтган “Озарбайжон маданияти кунлари”да фаол иштирок этиб келган, жумладан 2018 йилнинг сентябрь ойида Тошкент шаҳрида, 2021 йилнинг октябрь ойида Нукус шаҳри ва Хоразм вилоятида, 2022 йилнинг апрель ойида Тошкент шаҳри ва Сурхондарё вилоятида ташкил этилган маданий тадбирларда мақом, муғом, классик ва халқ қўшиқларини ижро этган.
Маълумот ўрнида, бугун Озарбайжон Республикаси Президенти Илоҳим Алиев Ўзбекистон халқ артисти Насиба Абдуллаевани “Озарбайжон Республикаси халқ артисти” фахрий унвонини бериш тўғрисидаги фармонга имзо чекди.
LiveБарчаси