Ўзбекистон Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқига аъзо бўлди

Жамият 1089
image

Ўзбекистон Табиатни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқининг (ТМХИ) 92-аъзосига айланди ва Марказий Осиё давлатлари орасида иттифоққа биринчи бўлиб қўшилди. Бу ҳақда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Матбуот хизмати QALAMPIR.UZ’га маълум қилди.

“Биз Ўзбекистоннинг ТМХИга киришини нишонлашдан мамнунмиз ҳамда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва мамлакатдаги бошқа шериклар билан ҳамкорликни кенгайтиришга интиламиз”, дейди ТМХИнинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий бюроси директори Борис Эрж. 

Ташкилот сайтида қайд этилишича, ТМХИ Ўзбекистонни табиий ресурслардан барқарор фойдаланиш, жумладан, биохилма-хилликни сақлаш ва экотизимларни тиклашда қўллаб-қувватлашда давом этади, бу эса миллий экологик мақсадларга эришишга ёрдам беради, шу билан бирга иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ва мослашишга ҳисса қўшади.

“Биз биргаликда ўрганаётган ҳамкорликнинг потенциал йўналишлари қаторига экология сиёсати, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар миллий тармоғини кенгайтириш ва сифатини таъминлаш, “Қизил рўйхат” индексларини ишлаб чиқиш, ерни комплекс бошқариш ва экотизимни тиклаш киради”, дейди Борис Эрж.

Ўтган ҳафта Экология давлат қўмитаси раиси ўринбосари Жусипбек Казбеков бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси ташкилотнинг Швейцариядаги штаб-квартирасида бўлиб, у ерда ТМХИнинг ривожланиш гуруҳи глобал директори Энрике Ламанн билан учрашди. Томонлар, жумладан, келажакдаги қўшма грант лойиҳаларини муҳокама қилган.

Маълумот учун, ТМХИ 1948 йилда ЮНEСКО ташаббуси билан ташкил этилган. Иттифоққа 120 та давлат ташкилоти ва (Ўзбекистон қўшилиши билан) 92 та давлат аъзо ҳисобланади. Иттифоқда иштирок этиш Ўзбекистонга Глобал экологик фонд (ГEФ) ва Яшил иқлим жамғармаси (Гиқ) (ТМХИ ушбу ташкилотларнинг аккредитацияланган агентлиги ҳисобланади) томонидан экологик лойиҳалар учун грант маблағларини жалб қилиш, шунингдек, табиатни муҳофаза қилиш соҳасидаги стратегик ҳужжатлар ишлаб чиқишда ТМХИ халқаро стандартларини қўллаш имконини беради.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 14
Рейтинг: 2.9
t
×