Ўзбекистон келажаклари лойда тўп тепади. Хоразмдаги маҳалла қачон обод бўлади?

Жамият 3553

QALAMPIR.UZ таҳририятига Хоразм вилояти Урганч тумани Қорамон қишлоғида яшовчи бир гуруҳ фуқаролар мурожаат қилди. Мурожаатда улар яшайдиган Оҳунбобоев маҳалла фуқаролар йиғинидаги асфальт, болалар майдончаси, сув, ахлат билан боғлиқ ижтимоий муаммолар акс этганди.

Ўзбекистонда 2009 йил “Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги йили” деб эълон қилинганди. Қишлоқ жойларда инсонларнинг ҳаётини яхшилаш учун янги кўринишдаги, барча шароити таъминланган намунали уйлар қуриш белгиланганди. 2009 йил 3 август куни ПҚ-1167 сонли “Қишлоқ жойларда уй-жой қурилиши кўламини кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинганди. Кейинроқ мазкур қарор асосида “Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида “Қишлоқ қурилиш инвест” инжиниринг компанияси иштирокида уй-жойлар қуришни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамасининг қарори ҳам қабул қилинганди.

Содда қилиб тушинтирсам. Сиз буюртмачи сифатида “Қишлоқ қурилиш инвест” инжиниринг компанияси билан шартнома имзолайсиз. Шартномага кўра, пулнинг маълум қисмини аввалдан аванс тариқасида тўлайсиз. Улар маълум муддатда уйнинг барча шароитлари билан талаб даражасида қурилишини таъминлайди. Сиз ҳам шартномада келишилган муддат ичида қолган суммани тўлашингиз керак бўлади.

Маълум бўлишича, Оҳунбобоев маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаролар 2012 йил шартнома асосида “Қишлоқ қурилиш банк” акциядорлик тижорат банкига аванс тариқасида 40 миллион сўм миқдорида пул маблағи тўлашган. Белгиланган муддатда қолган қисмини ҳам тўлашган. Бироқ қурилиш ташкилоти ўз ваъдаларини охиригача бажармаган.

Маҳаллага кираверишдаги ахлат ташлаш майдони тўлиқ битказилмаган ва ахлат тўпланиши учун зарур бўлган идишлар ўрнатилмаган. Ахлат уюм бўлиб ётибди. Маҳалладаги пиёдалар учун қурилган бетон йўлак асфальтдан анча юқори қурилган. Бу йўлда ҳаракатланадиган аҳоли учун ноқулайлик туғдирмоқда. Маҳалланинг катта магистрал йўлга туташ қисмига ярим-чала асфальт ётқизилган. Лекин маҳалланинг ички қисмига кирсангиз, бир нечта кўчага асфальт ётқизилмаган. Ваҳоланки, фуқароларга кўрсатилган лойиҳада унинг асфалтланиши ва тўлиқ таъмирдан ўтказилиши кўрсатиб ўтилган.

Уйларнинг маълум бир қисми дов-дарахт, кўчатлар экиш учун мослаштирилган. Бироқ кўчаларга оқар сув келтирувчи ариқлар ковланмаган. Аҳоли ўзлари эккан кўчатларни ичимлик суви ёки автомат тарзда ер остидан чиқувчи қудуқ суви билан суғоради.

“Йиллар давомида муаммоларимиз юзасидан бир нечта ташкилотларга мурожаат қилдик. Натижа йўқ. Ёғингарчилик вақти йўлларимиздан юриб бўлмайди. Лойга ботамиз. Болаларимиз шу лойларда ўйнашмоқда. Болалар майдончаси ҳам умуман йўқ.

Бошқа жойлардаги намунали уйларга шароит қилиб беришган. Лекин бизда мана шундай ачинарли аҳвол”, дейди маҳалла фаолларидан бири. Фуқароларга кўра, улар яшаб турган ҳудуд “Обод маҳалла” давлат дастурига киритилган. Бироқ ҳозиргача ҳеч қандай натижа йўқ. Ўзбекистон келажаклари эса лой ичида тўп тепишда давом этмоқда.

Мурожаатдан сўнг, Урганч туман ҳокими Фрунзе Шариповга боғландик. Туман ҳокими мазкур ҳудуддаги муаммолардан хабари борлиги, ҳокимлик ваколатида бўлганлари улар томонидан ижобий ҳал этилиши, аммо бир вақтлари қурилиш ташкилоти томонидан иш охиригача етказилмагани фуқароларда ноқулайликлар вужудга келтираётганини тушунтирди. 

Шунингдек, мазкур маҳалла “Обод маҳалла” дастурига киритилганини билдирди. Сўнг “Қишлоқ қурилиш инвест” инжиниринг компанияси билан телефон орқали боғланишга уриндик. Аммо уринишларимиз бесамар кетди.

Маҳалла муаммолари қачон бартараф этилади? Туман ҳокими ушбу маҳалла “Обод маҳалла” давлат дастурига киритилганини айтмоқда. Маҳалла қачон обод бўлади? Аслида кўчаларни тўлиқ асфальтлаш ишлари “Қишлоқ қурилиш инвест” инжиниринг компанияси вазифаси бўлганлигини айтишмоқда. Компания ўзидан қолган доғни қачон кетказади? Шартнома шартларини қачон тўлиқ бажаради? Бу бўйича тегишли ташкилотлар қандай хулоса беради? 

Ҳозирча саволлар очиқ қолмоқда. QALAMPIR.UZ воқеалар ривожини кузатишда давом этади.

Зафарбек Солижонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 51
Рейтинг: 3.1
t
×