Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон махсус хизматлари раҳбарлари Фарғонада учрашди

Жамият

image

Кеча, 6 май куни Фарғона шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати раиси Абдусалом Азизов, Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси Раисининг ўринбосари – Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев, Тожикистон Республикаси Миллий хавфсизлик раҳбари Саймўмин Ятимов ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати маълум қилди.

Қайд этилишича, музокаралар чоғида томонлар очиқ ва ишончли тарзда минтақавий хавфсизликни таъминлашга оид барча муаммолар тўпламини атрофлича муҳокама қилган.

Терроризм, экстремизм, наркотик моддаларнинг ноқонуний айланиши, ноқонуний миграция, контрабанда ва трансчегаравий характердаги бошқа таҳдидларга қарши курашиш каби долзарб соҳалардаги ҳамкорликнинг ҳолати ва истиқболлари юзасидан фикр алмашилган.

Шунингдек, томонлар чегарадош ҳамкорлик ва яхши қўшничилик муносабатларини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш масалаларига тўхталиб ўтган.

Мулоқот чоғида Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги давлат чегараларини делимитация қилиш билан боғлиқ кун тартибидаги масалалар, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси ўртасидаги чегараларни демаркация қилиш масалалари конструктив тарзда кўриб чиқилган.

“Учрашув иштирокчилари қирғиз-тожик чегараларини делимитация қилиш ва ўзбек-қирғиз давлат чегараларини демаркация қилиш жараёнларини жадаллаштириш бўйича келишувларга эришди ва томонларнинг ўзаро манфаатларини ҳисобга олган ҳолда ушбу масалаларни ҳал этиш бўйича амалий чора-тадбирлар белгилаб олди”, дейилади Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати хабарида.

Музокаралар якунида Қирғизистон-Тожикистон ҳукуматлараро комиссияси аъзоларига чегаранинг қолган участкаларини мувофиқлаштириш, шунингдек, тегишли икки томонлама шартномани тайёрлаш ва имзолаш бўйича аниқ топшириқлар берилган. 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг