Ўзбекистон қаҳрамони: 3 йил аввал ҳам ўша меҳнатни қилардик, лекин қўрқардик
Жамият
−
18 Январь 2020
15920“Сўнгги уч йилни оладиган бўлсак, фермерларимиз йил якунида фойда билан чиқадиган бўлиб қолди. Уч йил аввал ҳам ўша меҳнатни қилардик, лекин қўрқардик. Сўнгги уч йил ичида ҳам меҳнат қиляпмиз, ҳам қўрқмаяпмиз. Қаранг энди бу шароитни”, дейди Лола Муродова.
Бугун, 18 январь куни Тошкент шаҳрида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий кенгаши мажлиси бўлиб ўтди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида энг кўп овоз олган ЎзЛиДеП томонидан Бош вазир номзодлигига амалдаги Бош вазир Абдулла Арипов номзоди ҳам таклиф қилинди. Тадбирда Ўзбекистон қаҳрамони, фермер Лола Муродова Абдулла Арипов ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди.
“2007-2008 йиллар Абдулла Арипов Фарғона вилоятига ташрифида бизнинг фермер хўжаликка ҳам борди. Биз билан учрашиб суҳбатлашди. Раҳбар ҳам шундай бўладими, деб ишчиларимиз унинг самимий муомаласидан ҳайрон қолди”, дейди Лола Муродова.
У шунингдек, Абдулла Арипов хизмат сафари билан борган вақтда мутасаддиларга ишонмай унаётган ғўзани текшириш учун даланинг ички қисмларига киргани ва ҳосил яхши бўлиши учун маслаҳатларини берганини айтди. Президент ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан яратилган имкониятлар натижасида Марказий Фарғона чўлларида ҳам белгиланган режаларни бажариб келаётганини таъкидлади. ЎзЛиДеП депутатларига халқнинг яхши яшаши, мамлакатнинг ривожланаётгани мисолида Ариповнинг хизматлари борлигини айтди. Уларни Бош вазир номзодлигига Ариповни қўллаб-қувватлашга чақирди.
Эслатиб ўтамиз, Абдулла Арипов Бош вазирлик лавозимини 2016 йил декабр ойидан бери эгаллаб келмоқда. Бунгача амалдаги Президент Шавкат Мирзиёев мазкур лавозимда фаолият юритганди.