Ўзбекистон Green Card ютиш бўйича дунёда кучли учликка кирди
Жамият
−
13 Декабрь 2022
15094Ўзбекистон жорий йилнинг октябрь ойида АҚШнинг “Diversity Visa” (Грин Кард Лотереяси) бўйича энг кўп виза олган уч давлатдан бири бўлди. Бу ҳақда АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси хабар берди.
“Сизга шуни мамнуният билан маълум қиламизки, Тошкентдаги АҚШ элчихонасининг Консуллик бўлими октябрь ойи давомида “Diversity Visa” (Грин Кард Лотереяси) дастури орқали энг кўп сонли иммиграцион визаларни тақдим этиш бўйича дунёда учинчи ўринни эгаллади”, дейилади элчихона хабарида.
Қайд этилишича, ўтган йилги дастур давомида Тошкентдаги АҚШ элчихонасининг Консуллик бўлими, АҚШнинг дунёдаги барча элчихоналари ва консуллик бўлимларига нисбатан, “Diversity Visa” (Грин Кард Лотереяси) дастури орқали энг кўп сонли иммиграцион визаларни тақдим этиш бўйича бешинчи ўринни эгаллаган.
Маълумот учун, АҚШ ҳукумати ҳар йили “Турли миллатга мансуб иммигрантлар визаси – Diversity Visa” дастури доирасида 50000 та доимий яшаш ҳуқуқини берувчи визалар ажратади. Визалар сўнгги беш йил ичидаги АҚШга иммиграция кўрсаткичлари асосида олти минтақавий ҳудуд орасида тақсимланади; бунда АҚШга иммиграция кўрсаткичлари паст бўлган ҳудудларга кўпроқ виза миқдори белгиланади. Визага мурожаат этувчилар компьютер орқали амалга ошириладиган тасодифий танлов лотереяси ёрдамида сараланади. Шахснинг исми лотереяда танланиши унга иммиграцион визага мурожаат этиш жараёнининг кейинги босқичларини ўтиш имкониятини беради.
АҚШ элчихонаси Ўзбекистон фуқароларига АҚШ визасига, хусусан, Турли миллатга мансуб иммигрантлар визаси бўйича хусусий фирмаларга мурожаат этаётганда, эҳтиёт бўлиш кераклигини эслатиб ўтади. Элчихона виза хизматларини таклиф этаётган қалбаки воситачилар, электрон хабарлар, хатлар, веб-саҳифалар, телефон қўнғироқлари, SMS ва нашр этилган рекламаларни мунтазам равишда олиб туради. Бу учинчи шахсларнинг биронтаси ҳам элчихона билан боғлиқ эмас. АҚШ элчихонаси Турли миллатга мансуб иммигрантлар дастурида иштирок этиш истагида бўлган шахсларга шуни эслатиб ўтадики, элчихона ва АҚШ Давлат департаменти DV Дастури ва унинг талаблари бўйича ягона расмий ахборот манбаси бўлиб ҳисобланади.
LiveБарчаси