Ўзбекистон Глобал очлик индексидаги ўрнини яхшилаб олди

Жамият

image

Глобал очлик индексининг 2020 йилдаги натижалари эълон қилинди. Унда Ўзбекистон 2019 йилдагидан 18 поғона юқорилаб, энг яхши мамлакатлар рўйхатига кирди. 

Қайд этилишича, Глобал очлик индексида 107 та мамлакат иштирок этган. 

Унда 9,9 гача балл тўплаганлар очлик даражаси паст, 10,0 дан 19,9 гача балл тўплаганлар очлик даражаси ўртача, 20,0 дан 34,9 гача балл тўплаганлар очлик даражаси жиддий, 35,0 дан 49,9 гача балл тўплаганлар очлик даражаси хавотирли, 50,0 дан юқори балл тўплаганлар очлик даражаси ўта қўрқинчли мамлакатлар рўйхатидан ўрин олган. 

Ўзбекистон мазкур рейтингда энг яхши деб топилган 47 та мамлакат қаторида – 6,7 балл билан 30-ўринни эгаллаган. 2019 йилда мамлакат 10,7 балл билан 48-ўринни банд этганди.

Мазкур индекс рўйхатига Марказий Осиё мамлакатларидан Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркманистон ҳам киритилган. 

Қозоғистон жорий йилда 5,4 балл билан 21-ўринни эгаллаган ва очлик даражаси паст мамлакатлар рўйхатига киритилган. 2019 йилда ушбу мамлакат 5,5 балл билан 20-ўриндан жой олганди. 

Қирғизистон эса 8,4 балл билан 42-ўринни банд этган. 2019 йилда мазкур мамлакат 8,8 балл 35-ўринга лойиқ топилган эди. 

Туркманистон бошқа қўшнилар қаторида очлик даражаси паст мамлакатлар қаторидан ўрин олмаган. У 11,1 балл билан 52-ўриндан жой олган ва очлик даражаси ўртача мамлакатлар қаторига киритилган. 

Бу индекс ҳар бир мамлакат учун тўртта кўрсаткични жамлаш орқали аниқланади:

•    тўйиб овқатланмайдиган аҳоли улуши;

•    беш ёшгача бўлган вазни меъёридан паст болалар улуши;

•    беш ёшгача бўлган бўйи меъёридан паст болалар улуши;

•    беш ёшгача бўлган болаларнинг ўлим даражаси.

Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасига кўра, бир йил ичида Ўзбекистоннинг 48-ўриндан 30-ўринга кўтарилишининг асосий сабаби, “тўйиб овқатланмайдиган аҳоли улуши” кўрсаткичининг 2017 йилдан бошлаб қайта ҳисоблаш амалга оширилганлигидир. Қайта ҳисоблаш натижасида “тўйиб овқатланмайдиган аҳоли улуши” кўрсаткичи деярли 2,5 баробарга қисқартирилган ва 2016-2018 йиллар учун 6,3 фоиздан 2,8 фоизга ўзгартирилган. Ушбу статистика 2017-2019 йиллар учун 2,6 фоиз деб тан олинган эди.

Глобал очлик индексида келтирилган маълумотларга қараганда, дунё миқёсида қарийб 690 миллион киши тўйиб овқатланмайди. 144 миллион бола бўйнинг ривожланишидан азият чекмоқда, бу сурункали етишмовчилик белгисидир. 47 миллион бола исрофдан азият чекмоқда, бу ўткир етишмовчилик белгиси ва 2018 йилда 5,3 миллион беш ёшга тўлмай вафот этган.  

2020 йилги глобал очлик индексига кўра, дунё бўйлаб очлик ўртача даражада. Ушбу ўртача қиймат асосида маълум минтақалар, мамлакатлар ва жамоаларда катта муаммолар мавжуд. 

Африка ва Жанубий Осиёда очлик ва тўйиб овқатланмаслик даражаси дунё минтақалари орасида энг юқори кўрсаткичга эга, 2020 йилги ГОИ кўрсаткичлари мос равишда 27,8 ва 26,0 ни ташкил этган. Бу кўрсаткичларнинг иккиси ҳам жиддий ҳисобланади.

Карим Зарипов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Глобал очлик индекси

Баҳолаганлар

86

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар