Ўзбекистон фуқаролигини олиш соддалаштириляпти
Олам
−
09 Ноябрь 2022
6931Энди чет давлат фуқароси бўлганлар ёки умуман фуқароликка эга бўлмаганлар Ўзбекистонга 1 млн АҚШ доллари инвестиция киритиш орқали мамлакат фуқаролигини олиши мумкин. Бу ҳақдаги “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида” ги Ўзбекистон Республикаси қонунига қўшимча киритиш ҳақида Ўзбекистон Республикасининг қонуни лойиҳаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилди.
Ушбу Қонунда катта ҳажмда тўғридан-тўғри инвестиция киритган хорижий сармоядорларга Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини соддалаштирилган тартибда бериш назарда тутилмоқда.
Қайд этилишича, қонунда таклиф этилаётган янги норма давлатнинг инвестициявий жозибадорлиги оширишга, республика инвестиция муҳитида бўлаётган ижобий ўзгаришларга халқаро ишбилармонлар ҳамжамиятининг эътиборини жалб қилишга ва халқаро майдонда мамлакат нуфузини оширишга хизмат қилади.
Қонуннинг 20-моддаси қуйидаги таҳрирда учинчи қисм билан тўлдирилмоқда:
“Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига қабул қилишнинг соддалаштирилган тартиби чет давлат фуқароси бўлган ёки фуқаролиги бўлмаган шахс томонидан Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаларига камида 1 млн АҚШ доллари эквивалентида сармоя киритган жисмоний шахсга ёхуд таниқли олим, спортчи, маданият ва санъат арбобига нисбатан тадбиқ этилади”.
учинчи – еттинчи қисмлар тегишинча тўртинчи – саккизинчи қисмлар деб ҳисобланади.
38-модданинг иккинчи қисми қуйидаги таҳрирда хатбоши билан тўлдирилади:
“Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси” ДУК ёки Давлат хизматлари маркази томонидан берилган чет давлат фуқароси бўлган ёки фуқаролиги бўлмаган шахс томонидан Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаларига камида 1 млн АҚШ доллари эквивалентида сармоя киритганлигини тасдиқловчи маълумотнома”.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминлаши керак.
Киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштириши, давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишлари керак.
Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
LiveБарчаси