Ўзбекистон электр тармоғининг ишлаш тартиби тўлиқ тикланди

Жамият 5279
image

Аввалроқ Ўзбекистон Энергетика вазирлиги минтақанинг ягона энергия тизимидаги электр узатиш линияларидаги узилишлар ҳақида хабар берган эди. Вазирлик хабарига кўра, ҳозирги вақтда иссиқлик электр станцияларининг барқарор ишлаш режими тўлиқ тикланган.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 5 январь куни Марказий Осиё ягона энергия тизимининг электр узатиш тармоқларидаги носозликларга сабаб бўлган электр энергиясини ишлаб чиқариш жараёнини ўрганиш учун тузилган комиссия ҳодиса сабабини аниқлаган. 

Маълум бўлишича, Талимаржон ИЭСдаги буғ-газ қурилмалари ортиқча юклама билан ишлаши оқибатида носозлик юзага келган ва аварияга қарши автоматика ишлаб режадан ташқари ўчирилган. Бунинг оқибатида Марказий Осиёнинг ягона энергия тизимини (ЯЭТ) Россия ва Қозоғистоннинг ягона энергия тизими билан боғлайдиган транзит тармоқларида юклама кескин кўтарилган. Бу эса энергия тизимларининг параллел ишлаши барқарорлигининг бузилишига олиб келган.

Оқибатда Қозоғистон шимолий қисмининг энергия тизимлари Марказий Осиёнинг ЯЭТидан ажралиб чиққан. ЯЭТ МО частотаси 48,15 Гц. гача камайган. Шу билан бирга, бир қатор истеъмолчилар автоматик равишда тармоқдан узиб қўйилган, иссиқлик электр станцияларининг (ИЭС) энергия блоклари юкламалари туширилган.

“Таъкидлаш жоизки, аварияга қарши автоматик бошқариш тизими энергия блоклари учун катта миқдордаги муаммолар ва зарарли оқибатларнинг олдини олишга хизмат қилади”, дейилади вазирлик хабарида.

Тадбирлар таҳлили асосида ва шу каби ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида режали чоралар ишлаб чиқилаётгани маълум қилинган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қохоғистон ва Қирғизистондаги элекрт узилишларида ҳам Ўзбекистон электр энергияси тизимидаги муаммолар сабаб қилиб кўрсатилганди.

 

Умиджон Нозимжонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 130
Рейтинг: 3.1
t
×