Ўзбекистон элчиси ЕХҲТ иқтисодий-экологик қўмитаси раиси этиб тайинланди
Жамият
−
10 Январь 2020
4393Кеча, 9 январь куни Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) амалдаги раиси Албания томонидан Ўзбекистоннинг ЕХҲТ ҳузуридаги Доимий вакили, элчи Шерзод Асадовни ЕХҲТ Доимий кенгаши Иқтисодий-экологик қўмитасининг жорий йилдаги раиси этиб тайинлаш тўғрисида қарор қабул қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги хабар бермоқда.
Қарор ташкилот Доимий кенгашининг махсус йиғилиши доирасида қабул қилиниб, тадбир чоғида ЕХҲТнинг амалдаги раиси, Албания Бош вазири Эди Рама 2020 йилдаги раисликнинг устувор йўналишларини тақдим қилди.
Тадбирда Бош котиб Томас Гремингер, ЕХҲТнинг барча орган ва институтлари раҳбарлари, жумладан Парламент ассамблеяси, 57 та иштирокчи давлатлар, 11 та мулоқот бўйича шерикларнинг доимий ваколатхоналари ва ташкилотнинг 16 та дала миссиялари бошлиқлари қатнашдилар.
Эди Рама Албания раислиги ЕХҲТ олдида турган муаммо ва таҳдидларни унинг фундаментал тамойилларига асосланган ҳолда ҳал этиш борасида барча иштирокчи давлатлар билан очиқ ва конструктив мулоқотга интилишини қайд этди.
Қуйидаги йўналишлар ЕХҲТнинг иқтисодиёт ва экология соҳаларида жорий йилдаги фаолиятининг устувор йўналишлари этиб белгиланди: коррупцияга қарши курашиш ва тегишли бошқармани рағбатлантириш, инновация ва рақамли иқтисодиётни илгари суриш, инсон капиталини ривожлантириш, “ақлли шаҳарларни” тараққий эттириш, атроф муҳитни ҳимоя қилиш ва экологияни самарали бошқариш, танг энергетик инфратузилмани ҳимоялаш, хавфли чиқиндиларни бошқариш, сув ресурсларини яхлит бошқариш ҳамда иқтисодиётда аёллар учун тенг имкониятлар яратилишини қўллаб-қувватлаш.
Иқтисодий-экологик қўмита ЕХҲТ ҳудудидаги иқтисодиёт ва экология соҳаларидаги ҳамкорлик ва хавфсизлик билан боғлик кенг кўламли масалаларни, жумладан коррупцияга қарши курашиш проблематикаси, энергетика ва озиқ-овқат хавфсизлиги, транспорт ва логистика, миграция, ахборот-коммуникация ва “яшил” технологиларни ривожлантиришни назорат қилади.
ЕХҲТ Доимий кенгаши қўмиталаридаги раислик ротацион ҳисобланмайди, балки ташкилотга амалда раислик қилаётган томоннинг қатор сиёсий факторлар, жумладан давлатнинг мазкур халқаро тузилма доирасида ўз зиммасига олган мажбуриятларни тўлақонли бажаришидан келиб чиққан ҳолда тайинлаши асосида амалга оширилади.
Ўзбекистоннинг ЕХҲТ Доимий кенгаши Иқтисодий-екологик қўмитасидаги раислиги Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг миқёсли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар ва Оролбўйи минтақасидаги экологик ҳолатни яхшилаш, минтақадаги савдо-иқтисодий ва инвестицион ҳамкорликни мустаҳкамлаш, транспорт йўлакларини ривожлантириш ва транзит салоҳиятини кенгайтириш борасида кўрилаётган чораларнинг халқаро ҳамжамият томонидан тан олинаётганидан гувоҳлик бериши таъкидланди.
“2020 йилдаги Иқтисодий-экологик қўмитадаги раислик Ўзбекистоннинг ЙХҲТ мақсад ва тамойилларига ҳамоҳанг минтақавий ва халқаро ташаббусларини фаол илгари суриш имконини беради ва ташкилот билан Ўзбекистондаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш нуқтаи назаридан ҳамкорликни чуқурлаштиришга хизмат қилади”, дейилади ТИВ хабарида.
Хавфсизлик масалалари бўйича қўмита раиси этиб Буюк Британиянинг ЙХҲТ ҳузуридаги Доимий вакили, Элчи Нил Буш, Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитанинг раиси этиб эса Чехиянинг ташкилот ҳузуридаги Доимий вакили, Элчи Иво Чрамек тайинланди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь