Ўзбекистон элчихонаси АҚШ ҳукуматига Панамага депортация қилинганлар бўйича сўров киритди
Олам
−
15 Февраль
8407Кеча, 14 февраль куни АҚШ ўзбекистонлик муҳожирларни ҳарбий самолётда Панамага депортация қилган эди. Мазкур ҳолат бўйича Ўзбекистон элчихонаси АҚШ ҳукуматига сўров киритган. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурҳонов QALAMPIR.UZ’га маълум қилди.
Унга кўра, элчихона Панамага юборилган ўзбекистонликлар сони, уларнинг айни пайтдаги аҳволи билан қизиқмоқда.
“Панамага жўнатилганлиги ҳақида кеча Америка тарафи расмийлари билан гаплашдик. Панамадан ана шунақа янгиликларда чиқди, бизга хабарларни тасдиқлаб беринглар, дедик. Ўзбекистон фуқароси борлигини ҳали тасдиқлаб бера олмаяпти. Америкаликлар тасдиқлашса, қўшимча ахборот берилади”, деди Ахрор Бурхонов.
Бурҳоновнинг қўшимча қилишича, Ўзбекистоннинг АҚШ ҳукумати билан депортация бўйича келишуви бор. Одатда Америка ҳудудидан депортация қилинаётган Ўзбекистон фуқаролари Америка ҳукумати билан Ўзбекистоннинг АҚШ элчихонаси ва Нью Йоркдаги Бош консуллиги ҳамкорлигида Нью-Йорк шаҳридан Тошкентга депортация қилинади.
“Яъни Ўзбекистон элчихонаси ва бош консулхона Америкадаги тегишли органлар билан доимий равишда ҳамкорлик қилиб келади.
Биз доимий равишда Ўзбекистон фуқароларининг депортация жараёнларида иштирок этамиз. Яъни, бизга олдиндан хабар берилади ва фуқароларимизга алоқага чиқамиз, ҳол-аҳволидан хабар оламиз. Кейин Ўзбекистонгача Америка томонидан ўзларининг вакилларини кузатувчи қилиб юборишади. Улар Тошкентгача келишади”, деди Аҳрор Бурҳонов.
Унинг тушунтиришича, кимнингдир депортация қилиниши бўйича суд қарори чиқадиган бўлса, Америка тарафи ўша заҳоти Ўзбекистонга маълумот берган. Ўзбекистон томони алоқага чиқиб, ҳаммаси яхшилигига ишонч ҳосил қилганидан сўнг ўша одамнинг Ўзбекистонга депортация қилинишига кўмаклашган. Бунда америкаликлар Ўзбекистонга келиб-кетиш учун виза билан ҳам таъминланган.
LiveБарчаси