Ўзбекистон дунёдаги энг кичик давлатлардан бири билан дипломатик алоқа ўрнатди
Жамият
−
05 Февраль 2021
9914Жорий йил 3 февраль куни Ўзбекистон ва Сан-Марино ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатиш тўғрисидаги протоколни расмий имзолаш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.
Ўзбекистоннинг Италиядаги элчихонаси маълумотларига кўра, ҳужжатни Ўзбекистон томонидан элчи Отабек Акбаров, Сан-Маринодан эса мамлакатнинг Италиядаги элчиси Даниэла Ротондаро имзолаган.
Икки мамлакатда ички процедуралар ўтказилгач, протокол кучга киради ва Сан-Марино Ўзбекистон билан дипломатик муносабатлар ўрнатган 136-давлатга айланади.
Сан-Марино элчиси икки томонлама муносабатларни савдо-иқтисодий ҳамкорлик орқали ривожлантиришдан манфаатдорлигини билдирди. Шунингдек, у Европа Иттифоқи билан яқин алоқада бўлган Сан-Марино Ўзбекистон компаниялари ва экспортчиларига Европа бозорларига чиқиш учун яхши имкониятлар яратиши мумкинлигини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, Сан-Марино дунёдаги энг кичик давлатлардан бири (майдони - 61 квадрат километр) ҳисобланади. Мамлакат Жанубий Европада жойлашган ва тўрт томондан ҳам Италия билан чегарадош. Дунёдаги энг қадимги конституциялардан бири амал қиладиган Сан-Марино унинг замонавий чегараси эътиборга олинганда Европанинг энг узоқ тарихга эга давлати ҳисобланади (эрамизнинг 301 йили). Бундан ташқари, Сан-Марино аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот кўрсаткичи (2020 йил – 56 минг 690 доллар) бўйича дунёдаги энг бой мамлакатлардан биридир.
LiveБарчаси