Ўзбекистон диний соҳаси оғир жудоликка учради
Жамият
−
16 Апрель 2022
55953Ўзбекистонда кўп йиллар давомида исломий илм-маърифат таратиб келаётган халқимизнинг эътиборли уламоларидан Насриддинхон Мубинжон ўғли Атоев кеча, 15 апрель куни муқаддас Рамазон ойининг муборак жума кунида 64 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси хабар берди.
Халқ орасида эшонбобо номи билан машҳур бўлган Насриддинхон Атоев 1958 йил 15 май куни Навоий вилояти Нурота туманида туғилган. Болалигидан бошлаб имон-эътиқодли оилада тарбия топиб, диний илмларни чуқур ўрганган Атоев мамлакат мустақилликка эришганидан сўнг ўз ҳаётини диний қадриятларни тиклаш ва тарғиб этишга бағишлаб, бу соҳада алоҳида жонбозлик кўрсатган.
Олий диний билим олиш мақсадида Тошкент ислом институтига ўқишга кирган ва 1996 йили муваффақиятли тамомлаган.
“Насриддинхон эшонбобонинг умри ҳам илм ва ҳикматда ўтди. Илм ва эзгуликка бахшида бўлган ҳаёт асрларга татийди. Чунки бу инсон одамларга яхшилик улашиш, муқаддас зиёратгоҳларни обод этиш, Навоий халқининг маърифати йўлида фидокорона меҳнат қилди. Зеро, Пайғамбар алайҳиссалом ҳам “Сизларнинг яхшиларингиз, умри узоқ бўлиб, амаллари яхши бўлганингиздир”, деб айтганлар”, дейилади идора хабарида.
Насриддинхон Атоев муқаддас Ислом дини асосларини, араб ва форс тилларини чуқур эгаллаб, 1992-2003 йилларда Навоий вилояти Нурота тумани “Чил устун” масжидида имом-хатиб, 2003-2010 йилларда вилоят бош имом-хатиби, 2010 йилдан буён вилоят фахрий имоми, шунингдек, Навоий вилояти “Чашма” табиий-меъморий мажмуасига меҳр қўйиб, 2018 йилдан Навоий вилояти дирекцияси директори вазифасида фаолият юритиб келаётган эди.
Насриддинхон Атоевнинг вафоти муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши таъзия билдирди.
LiveБарчаси