Ўзбекистон делегацияси Ҳаж зиёратини тиклаш учун Саудияга жўнаб кетди
Жамият
−
03 Май 2022
7350Бугун, 3 май куни эрта тонгда Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Саудия Арабистонига жўнаб кетди. Бу ҳақда қўмита Матбуот хизмати хабар берди.
Ўзбекистон делегацияси томонидан ушбу сафар давомида “Ҳаж – 2022” мавсумини ташкил этиш билан боғлиқ масалаларни Саудия Aрабистонидаги мутасадди идоралар билан келишиш режалаштирилган.
Қайд этиш керакки, ўтган икки йил давомида COVID-19 пандемияси туфайли бутун дунё мўмин-мусулмонлари ҳаж амалларини адо этолмади.
Эслатиб ўтамиз, Саудия Aрабистони Ҳаж ва Умра вазирлигининг “Ҳаж – 2022” мавсуми бўйича расмий баёнотида, жорий ҳаж тадбирига чет эллик ва маҳаллий ҳожиларга жами 1 миллион киши учун ҳаж ибодатини амалга оширишга рухсат берилиши билдирилган.
Маълумот учун, жорий йилнинг январь ойидан бошлаб Ўзбекистон фуқароларининг Умра зиёратига боришлари қайта йўлга қўйилди. Ҳозиргача 35 мингга яқин ўзбекистонлик зиёратни амалга оширди.
LiveБарчаси