Ўзбекистон дарё суви учун Қирғизистонга 240 минг доллар тўлагани маълум қилинди
Жамият
−
07 Февраль
12628Ўзбекистон ва Қозоғистон дарё сувидан фойдаланаётгани учун Қирғизистонга пул тўламоқда. Бу ҳақда Қирғизистон Сув ресурслари хизмати директори Алмазбек Сокеевга таяниб, "Kaktus" нашри хабар берди.
Сокеевнинг айтишича, Ўзбекистондан ўтказилаётган маблағлар йилдан йилга кўпаймоқда.
“Қозоғистон ҳар йили маблағ ажратади. Лекин буни бизга ўтказмайди, бирор бир иш бажаради. Масалан, мамлакатлараро фойдаланиладиган сув объектларини таъмирлайди. Киров сув омборида катта маблағ талаб қиладиган дарвозани алмаштириб беришди. Ҳар йили таъмирлаш ишларига 179 миллион тенге (401,8 минг доллар) сарфлайди”, деган Сокеев.
Унинг сўзларига кўра, айни дамда Қозоғистон билан бу каби ишларни бажармасдан, фақат объектларни сақлаш учун зарур бўлган маблағни ўтказиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.
“Чунки биз ўз кучимиз билан таъмирлаймиз, пудратчиларимиз йўқ. Ўзбекистон пул ўтказмоқда. Улар ҳар йили тўланадиган маблағни кўпайтирмоқда. 2023 йилда 240 минг доллар берган бўлса, бу йил 280 минг доллар тўлайди. 2025 йилда эса ундан ҳам кўпроқ бўлади. Улар кўпаяди. Яъни, ажратилаётган маблағларнинг ҳар йили ўсиши кузатилмоқда”, деган Қирғизистон Сув ресурслари хизмати директори.
Ўзбекистондан оқиб ўтувчи аксарият дарёларнинг манбаи Қирғизистон ҳудудида жойлашган. Қирғизистон тоғликларидан бошланувчи Сирдарё Фарғона водийси, Тошкент ва Сирдарё вилоятларида жойлашган қишлоқ хўжаликлари, завод ва фабрикаларни сув билан таъминлайди. Иқлим исиб бориши оқибатида дарёни сув билан таъминловчи музликлар эриб бормоқда. Қирғизистон ҳукумати эса, дарё сувининг тўғри сарфланишини назорат қилишига, қўшимча гидроиншоотлар қуришига тўғри келади. Қозоғистон ва Ўзбекистон шу сабабларга кўра Қирғизистонга пул тўлаётган бўлиши мумкин.
Бундан ташқари, Ўзбекистон қиш ойларида Қирғизистонга электр энергияси экспорт қилишига ҳам айнан трансчегаравий дарёлар масаласи сабаб бўлмоқда. Иқлимшунос олим Эркин Абдулаҳадовнинг сўзларига кўра, Марказий Осиё, хусусан, Қирғизистон тоғликларидаги музликлар иқлим ўзгариши сабаб эрта баҳордаёқ эримоқда. Натижада, дарё сувларининг кўпайиш вақти қишлоқ хўжалигида сувга эҳтиёж юқори бўлмаган даврга тўғри келяпти. Шу сабабдан, Ўзбекистон қўшни Қирғиз Республикасига дарё сувларини сувомборларида сақлаб қолиши учун қиш ва баҳор ойларида электр энергияси экспорт қилади. Яъни, сувнинг оқиб ўтиши ҳисобига ишлайдиган гидроэлектростанцияларидан олинадиган электр энергияси эҳтиёжини Ўзбекистон қоплаб беради.
Яқинда Қирғизистон Президенти Садир Жапаров қўшни давлатларга қанча сув керак бўлса шунча сув беришларини айтди:
“Қамбарота-1 ГЭС қуриб битказилгач, биз ундан қишда электр энергияси ишлаб чиқаришда фойдаланиб, суғориш мавсумида қўшниларимизга Тўхтагул ГЭСида тўпланган сувни етарли миқдорда бериш имкониятига эга бўламиз”, деган эди Президент Садир Жапаров.
Моҳинур Маматова
LiveБарчаси