Ўзбекистон чегарасини кесиб ўтишнинг аниқ тартиби белгиланди

Жамият

image

Ўзбекистон чегарасини қуруқлик, сув ҳавзалари ҳамда ҳаво ҳудудида кесиб ўтишнинг аниқ тартиби белгиланди. Бу ҳақда жорий йилнинг 13 сентябрь куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси тўғрисида”ги қонунда маълум қилинди.

Қонунга мувофиқ, давлат чегарасини белгилаш ва ўзгартириш Олий Мажлис палаталари томонидан амалга оширилади. Давлат чегараси жойларда аниқ кўриниб турадиган чегара белгилари билан кўрсатиб қўйилади.

Унга кўра, Давлат хавфсизлик хизмати давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилиш соҳасидаги ягона давлат сиёсатини амалга оширади. Давлат чегарасини кесиб ўтиш эса қуйидагича амалга оширилади:

  • қуруқликда, чегара дарёларида, кўлларида ва бошқа сув ҳавзаларида – халқаро темир йўлларнинг, автомобил йўлларининг, дарё қатнови ва бошқа қатнов йўлларининг давлат чегарасини кесиб ўтиш учун белгиланган жойларида;
  • самовий ҳудудда – халқаро трассаларнинг давлат чегарасини кесиб ўтиш жойларида ёки ушбу мақсадлар учун ажратилган ҳаво йўлакларида.

Шунингдек, шахслар ва транспорт воситалари давлат чегарасидан то автомобил йўли ва темир йўл ўтказиш пунктларигача ёки қарама-қарши йўналишда ҳаракатланаётганда:

  • белгиланган йўналишни ўзгартириш;
  • транспорт воситаларига шахсларни чиқаришни, товарларни юклашни ҳамда транспорт воситаларидан шахсларни, товарларни туширишни амалга ошириш;
  • ҳар қандай учувчи аппаратларни ва учувчисиз учувчи аппаратларни ҳавога кўтаришни, қўндиришни ёки қабул қилишни амалга ошириш тақиқланади.

Бундан ташқари, қонунга кўра, чегара минтақасида қуйидагиларга нисбатан қўшимча режим чекловлари ва тақиқлари жорий этилиши мумкин:

  • чегара минтақасига бегона шахсларнинг киришига;
  • хўжалик фаолияти ҳамда бошқа фаолият амалга ошириладиган ҳудудларга киришга;
  • сузиш воситаларининг чегара дарёларига, кўлларига ва бошқа сув ҳавзаларига киришига.

Маълумот учун, белгиланган қонунчиликка мувофиқ хўжалик фаолиятини ҳамда бошқа фаолиятни амалга оширувчи шахсларга ўтказиш пунктларига кириш (улардан чиқиш) учун рухсатномалар Чегара қўшинлари ёки Транспорт вазирлиги тасарруфидаги тегишли ташкилот томонидан берилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон чегараси кесиб ўтиш

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг