Ўзбекистон чегара режимини бузганлар 3 йилгача “депорт” қилинади
Жамият
−
16 Февраль 2022
7963Энди чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар давлат чегараси режимини бузиб ўтганда қўлланилган жаримани тўламаса, Ўзбекистон ҳудудидан маъмурий тарзда чиқариб юборилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган “Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонунда белгиланган.
Мазкур Кодексга киритилган қўшимчаларга кўра, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар давлат чегараси режимини бузиб ўтганда (224-1-модда) қўлланилган жаримани тўламаса, Ўзбекистон ҳудудидан маъмурий тарзда чиқариб юборилади. Илгари жарима тўлашидан қатъи назар Ўзбекистондан чиқариб юборилган.
Шунингдек, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон ҳудудидан маъмурий тарзда чиқариб юборилганда кейинчалик Ўзбекистонга кириш ҳуқуқи чекланиш муддатини қўллашга аниқлик киритилди.
Шунга кўра, давлат чегараси режимини биринчи марта бузиб ўтганда 1 йил муддат, иккинчи марта содир этилганда 3 йил муддат Ўзбекистонга кириш ҳуқуқи чекланади.
Эслатиб ўтамиз, маъмурий тарзда чиқариб юбориш жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) суди томонидан қўлланилади.
LiveБарчаси