Ўзбекистон БМТ Хавфсизлик кенгаши аъзолигига ўз номзодини қўйди

Жамият

image

Ўзбекистон БМТ Хавфсизлик кенгашининг 2035-2036 йиллар учун доимий бўлмаган аъзолигига ўз номзодини илгари сурди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили, элчи Улуғбек Лапасов Хитой раислигида БМТ Хавфсизлик кенгашининг кўп томонлама ва глобал бошқарув институтларини ислоҳ қилиш масалаларига бағишланган йиғилишида маълум қилди.

“Дунё” ахборот агентлигининг хабар беришича, йиғилишда Ўзбекистоннинг БМТ билан ўзаро ҳамкорликнинг энг устувор масалалари бўйича расмий позицияси халқаро ҳамжамиятга етказилган. Йиғилиш иштирокчилари Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар билан яқиндан танишган.

“Ўзбекистоннинг кўп қиррали, глобал бошқарувни мустаҳкамлаш ва такомиллаштириш тарафдори эканлиги алоҳида таъкидланди. Шунингдек, минтақавий ҳамкорлик муҳимлиги ва Афғонистонни иқтисодий тиклашдан манфаатдор экани қайд этилди”, дейилади хабарда.

Шунингдек, Ўзбекистон трансмиллий таҳдидларга, жумладан, гиёҳвандлик моддаларнинг ноқонуний айланиши, терроризм ва уюшган жиноятчиликка қарши курашда БМТ билан ҳамкорликни янада кенгайтиришга тайёрлиги тасдиқланган.

“Иштирокчиларга иқтисодий барқарорликни таъминлаш, камбағалликни қисқартириш ва ёшлар имкониятларини кенгайтиришга қаратилган "Ўзбекистон-2030" стратегиясининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти хусусида сўзлаб берилди. Ўзбекистонда 2025 йил – "Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва "яшил иқтисодиёт" йили", деб эълон қилингани қайд этилди. Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш мақсадида ўрмонлар барпо этиш, сувни тежаш, қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани маълум қилинди. Шунингдек, Оролбўйида барқарор ривожланишни халқаро қўллаб-қувватлашни кенгайтириш зарурлиги таъкидланди”, дейилади хабарда.

Бундан ташқари, аъзо давлатлар 2025 йил июнь ойида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган БМТнинг "Беш йил – 2030 йилгача: Барқарор келажак учун давлат хизматларини кўрсатишни жадаллаштириш" мавзусидаги давлат хизматлари форумига таклиф қилинди.

“Ўзбекистоннинг глобал тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш тарафдори эканлигига урғу берилди. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон БМТ Хавфсизлик кенгашининг 2035-2036 йиллар учун доимий бўлмаган аъзолигига ўз номзодини илгари сургани маълум қилинди”, дейилади хабарда.

Маълумот учун, БМТ Хавфсизлик Кенгашида доимий бўлмаган 10 та аъзо ва доимий 5 та аъзо – АҚШ, Буюк Британия, Россия, Франция ва Хитой мавжуд. Хавфсизлик Кенгашининг доимий 5 та аъзосида резолюцияларга вето қўйиш ҳуқуқи бор.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон БМТ Хавфсизлик кенгаши

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг