Ўзбекистон билан Стратегик шериклик Декларациясини имзолаган америкалик сиёсатчи вафот этди
Жамият
−
18 Октябрь 2021
4345Бугун, 18 октябрь куни АҚШнинг собиқ Давлат котиби Колин Пауэлл 84 ёшида коронавирус келтириб чиқарган касалликдан вафот этди. Бу ҳақда унинг оила аъзолари хабар берди.
Ўз навбатида, Ўзбекистон томони ушбу хабарни чуқур қайғу билан қабул қилганини маълум қилган.
“Америка Қўшма Штатларининг йирик давлат арбобларидан бири Колин Лютер Пауэллнинг 84 ёшида вафот этгани ҳақидаги хабарни чуқур қайғу билан қабул қилдик”, дейилади ТИВ матбуот котиби тарқатган хабарда.
Қайд этилишича, К.Пауэлл турли йилларда Америка ҳукуматида нуфузли лавозимларда фаолият юритган. Жумладан, Штаблар бошлиқлари бирлашган қўмитаси раиси, АҚШ Президентининг Миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси, Қўшма Штатлари Давлат котиби сифатида ишлаган.
К.Пауэлл Ўзбекистон-Америка алоқаларининг ўрнатилиши ва тараққиётига салмоқли ҳисса қўшган. 2002 йил 13 март куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов ва Америка Қўшма Штатлари Давлат котиби Колин Пауэлл Стратегик шериклик ва ҳамкорлик асослари ҳақидаги Декларацияни имзолаган. Мазкур ҳужжат икки томонлама муносабатлар тарихида муҳим ўрин тутган.
“Ушбу жудолик муносабати билан марҳумнинг яқинлари ҳамда оила-аъзоларига чуқур ҳамдарлик ва таъзия изҳор этамиз”, дейилади хабарда.
LiveБарчаси