Ўзбекистон армияси жанг шароитларига мос бўлиши керак 

Таҳлил

Ўзбекистон армияси халқ ҳимоясига доимо тайёр туриши керак. Шу сабабли, Ўзбекистоннинг Мудофаа доктринаси ва Миллий хавфсизлик концепцияси ўзгартирилади. Бундан ташқари, оддий аскар ва сержантларнинг ойлик маоши оширилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти – мамлакат Қуролли кучлари Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев 13 январь куни бўлиб ўтган Хавфсизлик кенгашининг мамлакат ҳарбий хавфсизлиги ва мудофаасини мустаҳкамлаш масалалари бўйича кенгайтирилган йиғилишда сўз очди. 

Йиғилишда замонавий хавф ва таҳдидларнинг мазмуни ҳам, кўлами ҳам кундан-кунга ўзгариб бораётгани, мудофаа ва хавфсизлик соҳаси олдига катта вазифалар қўйилаётганини инобатга олиб, давлат раҳбари саккиз йил олдин қабул қилинган Мудофаа доктринаси ҳамда 1997 йилда қабул қилинган Миллий хавфсизлик концепциясини қайта кўриб чиқиш вақти келганини кўрсатиб ўтди.

“Бир нарсани тушуниб олиш зарур. Замонавий уруш табиати тубдан ўзгарди. Энди қайси давлат фақат танк, самолёт ёки аскарлар сонига таяниб ғалаба қозонаман деса, қаттиқ адашади. Ҳозирги жанглар сунъий интеллект, рақамли бошқарув, узоқ масофага юқори аниқликда зарба берувчи воситалар, кибер ва робот технологиялар, сиёсий-иқтисодий босим асосида олиб борилмоқда”, дейди давлат раҳбари. 

Президент тинчлик ва хотиржамлик энг қиммат бойликка айланаётганини бир дақиқа ҳам унутмаслик лозимлигини  таъкидлади. Бу бойликни асраб-авайлаш учун эса ҳар бир соҳа ва тармоқ хавф-хатарларга олдиндан жавоб қайтариш бўйича “проактив иш режими”га ўтиши шартлиги кўрсатиб ўтилди.

Олий Бош Қўмондон келгуси истиқболга мўлжалланган энг муҳим вазифаларни белгилаб берди. Ҳарбий кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштиришга устувор эътибор қаратилади.

“Шуни унутмаслик керакки, ҳарбий таълим ва кадрлар тайёрлаш тизимини модернизация қилиш армиянинг янги қиёфасини шакллантиришнинг асосий шартидир”, дейди Президент.

Янги Мудофаа доктринаси мамлакатни ҳеч қайси ҳарбий блокка қўшилмаслик мақомини сақлаб қолади. Кўп томонлама дипломатияга таянишда давом этади. Шунингдек, юқори технологияларга асосланган стратегия, ҳарбий мустақиллик ва минтақавий барқарорлик йўналишида ривожланишини таъминлаши лозимлиги айтилган. 

“Минтақавий ва глобал вазиятни доимий таҳлил қилиб бориш, миллий армиямизнинг салоҳиятини мустаҳкамлаш – бугунги кун талаби. Ўзбекистон армияси халқ ҳимоясига доимо тайёр туриши, бунинг учун тезкор, юқори технологияли, янги жанг шароитларига мос бўлиши керак”, дейди Президент.

Шу сабабли, қўшинларни сунъий интеллект асосида роботлашган мажмуалар ва учувчисиз тизимлар, енгил ҳарбий техника, замонавий қурол-аслаҳа, разведка воситалари билан жиҳозлашга алоҳида эътибор қаратиш кераклиги кўрсатиб ўтилди.

Президент мудофаа саноатини янада ривожлантириш, соҳа корхоналарида рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни жорий этиш устувор вазифалардан бири бўлиши кераклигини қайд этилди.

Шунингдек, муддатли ҳарбий хизматни ўтаётганларга ҳарбий қисмнинг олий таълим муассасасига кириш учун имтиҳон топшириш имконияти берилади.

Президентнинг сўзларига кўра, муддатли ҳарбий хизмат – фақат жисмоний ва ҳарбий тайёргарлик эмас, балки ёшлар жамиятда мустаҳкам ўрнини топиши учун уларни меҳнат бозорига ва мустақил касбга тайёрлаш босқичи сифатида ташкил этилиши зарур.

Эндиликда армияда ёшлар камида битта касб эгаси бўлиб чиқиши бўйича мутлақо янги тизим яратилади. Ҳарбий қисмлардаги асосий йўналиш ва мутахассисликлардан келиб чиқиб, аскарларни касбга тайёрлаш бўйича 3-6 ойлик дастурлар ишлаб чиқилади. Дастурни якунлаган аскарлар малака имтиҳонидан ўтказилиб, уларга касб сертификати берилади.

Ҳар йили 5 минг аскар саралаб олиниб, “Бир миллион дастурчи” ва “Беш миллион сунъий интеллект етакчиси” дастурлари доирасида ўқитилади.

Аскарларга муддатли ҳарбий хизматни ўташ даврида ҳарбий қисмнинг ўзида олийгоҳга ўқишга кириш учун имтиҳон топшириш имконияти яратилади. Тест синовларидан муваффақиятли ўтиб, талабаликка қабул қилинган аскарлар муддатли ҳарбий хизмат якунланиши билан олийгоҳда ўқишини бошлайди.

Шу билан бирга, армиядан қайтиб, олий ўқув юртларида таҳсил олмоқчи бўлган ёшларга хорижий тил ва фан сертификати олиш харажатлари қоплаб берилади. Агар улар олийгоҳларга контрактга кирса, фоизсиз таълим кредити ажратилади.

Бундан ташқари, армиядан қайтган ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича ҳам алоҳида имтиёзлар берилади. Жумладан, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагидаги ёшларнинг кредит харажатини 6 фоизи давлат томонидан қопланади, давлат ташкилотларига ишга кирмоқчи бўлган ёшлар учун Бошқарув самарадорлиги агентлиги томонидан ўтказиладиган тест балларига 10 фоизлик имтиёз бериш амалиёти жорий қилинади. Хусусий секторда фаолият юритмоқчи бўлган ёшларга касбни эгаллаш ва сертификат олиш харажатлари тўлаб берилади.

“Бир сўз билан айтганда, “муддатли ҳарбий хизматни ўташ – ёшлар учун муваффақият йўли”га айланиши керак”, дейди Президент.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда 1 апрелдан бошлаб Мудофаа вазирлиги офицерларига кўп йиллик хизмати учун устама миқдори 2 карра оширилади. Шунингдек, контракт асосида хизмат қилаётган оддий аскар ва сержантларнинг ойлик маоши 10 фоизга кўпайтирилади. 

“Ҳарбий хизматчилар меҳнатини қадрлаш, уларнинг оила аъзолари ва ҳарбий пенсионерларни ижтимоий ҳимоя қилиш доимо диққат-эътиборимиз марказида бўлиши зарур”, дейди Президент ва бу борада катта янгиликларни эълон қилди.

Ҳудудий мудофаа ишлари бошқармаси ва бўлимларининг ҳарбий бўлмаган хизматчиларини ойлиги бу йил 20 фоизга, келаси йили яна 50 фоизга оширилади.

Қуролли Кучлар сафида 30 йилдан ортиқ хизмат қилган ҳарбийлар учун пенсия ҳисоблашда инобатга олинадиган ойлик миқдори 75 фоиздан 100 фоизга етказилади.

Шу билан бирга, ҳарбий хизматчилар учун уй-жой қурилиши кенгайтирилади. Масъулларга ҳарбий хизматчиларнинг пенсия таъминотини белгилайдиган қонун лойиҳасини ишлаб чиқиб, парламентга киритиш топширилди.

Воқеа тафсилотлари билан батафсил танишиш учун QALAMPIR.UZ’нинг YouTube’даги саҳифасидаги ушбу видеорепортажни томоша қилинг.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон тинчлик армияси Олий Бош Қўмондони хотиржамлик

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг