Ўзбекистон “АрМИ – 2020” халқаро ўйинларининг икки танловига мезбонлик қилмоқда (фоторепортаж)
Жамият
−
26 Август 2020
4985Ўзбекистон илк маротаба армия халқаро ўйинларининг икки танлови – “Ҳарбий-тиббий эстафета” ва “Йўл патрули” мусобақаларига мезбонлик қиляпти.
Бу йил “АрМИ – 2020” Армия халқаро ўйинлари 23 августдан 5 сентябрга қадар 5 давлат: Россия Федерацияси, Озарбайжон, Арманистон, Беларусь ва Ўзбекистон Республикалари ҳудудларида бўлиб ўтмоқда. Ушбу муддат давомида халқаро мусобақаларнинг 30 дан ортиқ танловларида дунёнинг 30 мамлакатидан ташриф буюрган 160 дан ортиқ жамоалари, таркибида минглаб ўз касбининг устаси бўлган профессионал, энг илғор ҳарбий мутахассислар ғолиблик учун баҳс олиб борадилар.
Кеча, 25 август куни Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида жойлашган ҳарбий қисмда “Йўл патрули” ва Жиззах вилоятида жойлашган Марказий ҳарбий округининг “Фориш” тоғ полигонида “Ҳарбий-тиббий эстафета” танловлари тантанали равишда очилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазири Баҳодир Қурбонов, Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев, масъул офицерлар, иштирокчи давлатлар жамоалари вакиллари, сенаторлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзолари, Қуролли Кучлар фахрийлари иштирок этди.
Тантанали очилиш маросимларидан сўнг ҳарбий хизматчиларнинг кўргазмали чиқишлари, махсус техникалар кўргазмаси, Мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти вилоят бўлимлари мутахассислари, автомобиль техникаси усталари ва ёш спортчиларнинг намойишлари тақдим этилди.
Марказий ҳарбий округнинг “Фориш” тоғ-дала ўқув майдонида ўтказилаётган “АрМИ-2020” VI Халқаро армия ўйинлари доирасида “Ҳарбий-тиббий эстафета” баҳсларининг “Индивидуал маҳорат” шарти жанговар қуролдан ўқ отиш машқи билан бошланди.
“Фориш”даги мусобақада Ўзбекистон иккита – асосий ва танловдан ташқари яна бир жамоаси билан иштирок этмоқда. “Ҳарбий-тиббий эстафета”да илк бор куч синашаётган фаластинликлар фақат эркаклар жамоаси билан ташриф буюрган.
Халқаро армия ўйинларининг иштирокчи мамлакатлари эркак ва аёллар жамоалари АК-74 автоматидан 100 метр ҳамда ПМ пистолетидан 25 метр масофадаги нишонларни йўқ қилиш бўйича мерганлик маҳоратларини намойиш этди. Иккала қуролдан ўқ отиш машқида ҳам иштирокчиларга қуролга мослашиш учун 5 тадан ўқ, мусобақа шартини 1 ва 4 дақиқа ичида бажариш учун 10 тадан ўқ берилди. Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги масъул ҳарбий хизматчиларидан иборат арбитр ва техник ходимлар отиш амалиётининг меъёрларга биноан хавфсиз ва адолатли ўтишини назорат қилиб борди.
Мазкур шартнинг якунига кўра, индивидуал биринчиликда пешқадамлар рўйхати қўйидагича кўриниш олди:
Макаров пистолетидан ўқ отиш (эркаклар):
1-ўрин Бобожон Элмуродов – Ўзбекистон (179 балл);
2-ўрин Андрей Малахов – Россия (167 балл).
3-ўрин Сергей Филатов – Россия (163 балл).
Макаров пистолетидан ўқ отиш (аёллар):
1-ўрин Виолетта Кистень – Россия (173 балл);
2-ўрин Лариса Холмаматова – Ўзбекистон (170 балл);
3-ўрин Надежда Малахова – Россия (107 балл).
Калашников автоматидан ўқ отиш (эркаклар):
1-ўрин Шоҳруҳ Ибрагимов – Ўзбекистон (191 балл);
2-ўрин Аслан Биджиев – Россия (187 балл);
3-ўрин Валижон Вегалиев – Ўзбекистон (185 балл).
Калашников автоматидан ўқ отиш (аёллар):
1-ўрин Саидахон Абдумўминова – Ўзбекистон (181 балл);
2-ўрин Арина Пастушенко – Россия (181 балл);
3-ўрин Лилия Манасипова – Ўзбекистон (179 балл).
3-ўрин Дарья Корвель – Белоруссия (179 балл).
Ҳайдовчилар:
1-ўрин Ван Данг – Вьетнам (182 балл);
2-ўрин Ўрмонбек Ўрмонов – Ўзбекистон (180 балл);
3-ўрин Хайрулло Олимов – Ўзбекистон (177 балл).
Таъкидлаш жоизки, тиббий хизмат полковниги Абдуғани Юлдашев раҳбарлигида танловдан ташқари мазкур “Ҳарбий-тиббий эстафета” мусобақаларида қатнашаётган яна бир жамоамиз вакиллари – Гуларо Аҳмаджонова (186 балл), Амина Мамедова (183 балл), Камила Валижонова (177 балл) ўрта ва кичик тиббиёт ходимлари ўртасида АК-74 автоматидан ўқ отишда барча жамоаларни ортда қолдирди.
LiveБарчаси