Ўзбекистон Афғонистондаги фуқароларини қайтарди

Жамият 12310
image

Ўзбекистон ҳукумати ўзбек-афғон чегарасидаги Термиз-Ҳайратон кўприги орқали фуқароларини ортга қайтарди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ хабар берди.

“14 август кун давомида “Термиз-Мозори-Шариф” темир йўл участкасида хизмат кўрсатувчи Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Ватанга қайтариш ташкил этилди”, дейилади хабарда.

Вазирлик давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилиш кучайтирилган тартибда олиб борилмоқда, барча зарур хавфсизлик чоралари кўрилганини таъкидлаган. Термизда хавфсизлик идоралари раҳбарлари ва давлат ҳокимияти органлари вакилларидан иборат тезкор штаб жойлаштирилган.

Aввалроқ, Афғонистонлик таниқли генерал, “Исломий жамият” сиёсий партияси раҳбари Ато Муҳаммад Нур “Толибон” жангарилари Ўзбекистон билан чегарадош Балх вилоятида назорат ўрнатганини айтганди. Унинг сўзларига кўра, жангарилар фитна натижасида вилоятни эгаллаган.

Маълумот учун, 2017 йил декабрь ойида Ўзбекистон ва Aфғонистон ҳукуматлари Термиз-Ҳайратон кўпригини биргаликда ҳимоя қилиш тартиби тўғрисидаги битимни имзолаганди. Aфғонистон импортининг деярли ярми, шунингдек, гуманитар юкларнинг катта қисми Aфғонистоннинг Ҳайратон порти орқали ўтади.

2010 йил ноябрь ойида “Ўзбекистон темир йўллари” Aфғонистонда узунлиги 75 километр ва қиймати 129 миллион доллар бўлган “Ҳайратон-Мозори-Шариф” темир йўлини қуриб битказганди. Йўл участкасини Ўзбекистон томони бошқаради.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 640
Рейтинг: 3
t
×