Ўзбекистон 635 млн доллар ва 2,5 трлн сўмлик евробондларни жойлаштирди

Жамият

image

Ўзбекистон Молия вазирлиги Лондон фонд биржасида 635 млн АҚШ доллари ва 2,5 трлн сўм қийматидаги халқаро облигацияларни жойлаштирди. Бу ҳақда Молия вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.

Ўзбекистон Республикасининг навбатдаги халқаро облигациялари икки траншда – 635 млн. АҚШ доллари миқдорида 3,9 фоиз купон билан 10 йил муддатга ва 2,5 трлн. сўм миқдорида 14 фоиз купон билан 3 йил муддатга чиқарилди ҳамда Молия вазирлиги томонидан Лондон фонд биржасида жойлаштирилди.

Мазкур халқаро облигацияларидан тушган маблағлар Барқарор ривожланиш мақсадларини (БРМ) молиялаштириш ва Давлат бюджети дефицитини қоплаш учун йўналтирилади.

Ўзбекистон Республикасининг “2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонунида жорий йилда Давлат бюджети тақчиллигини қоплаш учун 2,2 млрд. доллар миқдорида давлат қарзи жалб қилиниши кўзда тутилган.

Мазкур суверен халқаро облигацияларини чиқариш мақсадида жорий йилнинг 8-9 июль кунлари ташкил этилган “роуд-шоу” тадбирлари доирасида:

•    АҚШ, Буюк Британия, Германия, Люксембург, Швейцария, Дания, Сингапур ва Бирлашган Араб Амирликлари каби мамлакатларнинг 50 га яқин халқаро инвесторлари иштирокида аудиоконференция (Global Investor Call) бўлиб ўтди;

•    27 та йирик халқаро инвесторлар, шу жумладан, “Franklin Templeton”, “Payden and Rygel”, “Lazard”, “Wellington”, “Meag”, “BlackRock”, “Marathon”, “Fidelity” ва “Bluebay” вакиллари билан яккама-якка форматида учрашувлар ўтказилди.

Халқаро инвесторларнинг макроиқтисодий вазият, солиқ- бюджет сиёсати ва давлат қарзи динамикаси, пул-кредит сиёсати ва инфляцион таргетлаш режими, Барқарор ривожланиш мақсадлари ва яшил иқтисодиёт бўйича режалар, институционал ислоҳотлар билан боғлиқ бир қатор саволларига жавоб берилди.

Жорий йилнинг 12 июль куни банк-андеррайтерлар томонидан Ўзбекистон Республикаси халқаро облигацияларининг дастлабки фоиз ставкалари АҚШ долларида 10 йиллик муддат учун 4,25-4,375 фоиз ва ўзбек сўмида 3 йиллик муддат учун 14,5 фоиз атрофида белгиланди ва Лондон вақти билан соат 08:30 да буюртмалар китоби очиқ деб эълон қилинди.

Буюртмалар ҳажми 3 соат ичида доллар ва сўмдаги облигациялар учун, мос равишда, қарийб 1,0 млрд. доллар ва 2,0 трлн. сўмни ташкил этди.

Шаклланган буюртмалар ҳажми ва молиявий консультант-андеррайтерларнинг таҳлилларидан келиб чиқиб, Лондон вақти билан соат 13:00да доллар ва сўмдаги облигациялар учун фоиз ставкалари, мос равишда, 4,125 фоиз ва 14,25–14,5 фоизга туширилди.

Савдо якунлари бўйича халқаро облигацияларнинг ҳажми ва фоиз ставкалари (купон) қуйидагича белгиланди:

•    3 йиллик ўзбек сўми транши: 2,5 трлн. сўм 14% купон билан (2020 йил ноябрда 3 йиллик сўмдаги облигациялар 14,5% ставка билан жойлаштирилган);

•    10 йиллик АҚШ доллари транши: 635 млн. доллар 3,9% ставкада (бенчмаркка нисбатан спред – 2,55%).

10 йиллик АҚШ Ғазначилик облигацияларининг фоиз ставкалари 2020 йил ноябрь ойидан ҳозирги кунга қадар 0,85 фоиздан 1,35 фоизгача кўтарилган. Мазкур давр мобайнида Ўзбекистон Республикасининг 10 йиллик халқаро облигацияларининг АҚШ Ғазначилик облигацияларига нисбатан спреди 2,85 фоиздан 2,55 фоизга тушган.

Халқаро облигациялар мамлакатлар ва ҳудудлар кесимида

Халқаро облигациялар инвесторлар кесимида

Қайд этиш лозимки, миллий валютадаги халқаро облигациялар Ўзбекистоннинг Барқарор ривожланиш мақсадларини молиялаштириш  учун ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикаси БРМ облигациялари дастури доирасида чиқарилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

78

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг