“Ўзбекистон – 2030” стратегияси янгиланди (видео)
Жамият
−
30 Декабрь 2025 2287 2 дақиқа
Бугун, 30 декабрь куни ОАВ учун контент тайёрлаш марказида Президент Шавкат Мирзиёевнинг Мурожаатномасида белгилаб берилган вазифаларга мувофиқ “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг қайта кўриб чиқилган лойиҳаси юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Маълумки, 2023 йилда қабул қилинган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида белгиланган вазифаларнинг аксарияти 2026 йилга келиб муддатидан олдин бажарилгани сабабли ушбу ҳужжатни янгилаш зарурати юзага келган.
Хусусан, Президент Шавкат Мирзиёевнинг 26 декабрь куни Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида белгиланган вазифа ва кўрсатмаларга асосан “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг янгиланган талқини ишлаб чиқилмоқда.
2026–2030 йилларга мўлжалланган янгиланган стратегияда 451 та мақсадли кўрсаткич белгиланган. Жумладан, 132 та кўрсаткич янги таҳрирда ва янги мезонлар асосида, 191 таси янги кўрсаткичлар билан янгиланмоқда, 184 та кўрсаткич эса бажарилгани сабабли стратегиядан чиқариб ташланмоқда. Шунингдек, 40 та масъул идора бўйича ўзгаришлар киритилмоқда.
Стратегия мақсадларининг самарадорлик кўрсаткичларига эришиш ҳолати яшил, сариқ ва қизил тоифаларга ажратилади. Бунда яшил ранг юқори самарадорликни, қизил ранг эса паст самарадорликни англатади.
Бундан ташқари, аҳолининг умр кўриш давомийлигини ошириш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш, фармацевтика соҳасини ривожлантириш, озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш каби устувор йўналишларга алоҳида эътибор қаратилган.
Экология соҳасида ҳам эътибор кучайтирилади. Хусусан, баландлиги 3 метр бўлган дарахтлардан иборат кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилади. Шунингдек, ишлаб чиқариш, саноат ва урбанизация жараёнларини янада ривожлантириш кўзда тутилган.
Стратегия доирасида 54 та янги йирик стратегия ва концепция ишлаб чиқилиши режалаштирилган. Бундан ташқари, ҳар бир ҳудуд учун алоҳида стратегик ривожланиш концепциялари ишлаб чиқилиб, уларда камбағалликни қисқартириш, автомобилсозликни ривожлантириш, ишсизликни камайтириш каби йўналишлар ўрин олади.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси ҳар ярим йилда Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлигининг ахбороти асосида “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ижроси юзасидан ҳисобот киритиб боради.
Янгиланган стратегия бўйича барча маълумотлар uzbekistan2030.uz ҳамда regulation.gov.uz платформаларида эълон қилиб борилади.
Воқеа тафсилотлари билан батафсил танишиш учун QALAMPIR.UZ’нинг YouTube’даги саҳифасидаги ушбу видеорепортажни томоша қилинг.