Ўзбекистон Ҳиндистондан олти турдаги маҳсулотни импорт қилишга рухсат берди

Жамият 11284
image

Ўзбекистон Ҳиндистондан олти номдаги маҳсулот, жумладан банан, манго, соя ва гуруч импорт қилади ҳамда ҳинд бозорига узум, олма, олхўри ва гилос етказиб бериши мумкин. Бу ҳақда Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, кеча, 28 июль куни Ўзбекистон ҳукумати делегациясининг Ҳиндистонга ташрифи доирасида Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари — Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев ушбу мамлакат Қишлоқ хўжалиги ва фермерлар фаровонлиги вазири Нарендра Сингх билан музокаралар ўтказган.

Учрашувда икки мамлакат сўнгги бир неча йил ичида аграр секторда савдони диверсификация қилишга муваффақ бўлгани, аммо ҳали ҳам фойдаланилмаётган имкониятлар мавжудлиги таъкидланган.

Томонлар маҳаллий қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари маҳсулотларининг икки мамлакат бозорларига ўзаро кириб бориши учун қўшимча қулай шарт-шароитлар яратиш орқали товар айирбошлаш ҳажмини ошириш зарурлиги хусусида якдил фикрга келган. 

“Ўзбекистон 6 номдаги ҳинд маҳсулотларини, шу жумладан банан, манго, соя ва гуручни импорт қилиш учун фитосанитария рухсатномаларини тақдим этди. Ўз навбатида, Ҳиндистон томони узум, анор, олма, хурмо, қалампир, помидор, бодом ва тарвуз каби ўзбек агросаноат маҳсулотларига рухсат бериш имкониятини кўриб чиқмоқда”, дейилади хабарда.

Музокараларда айрим қишлоқ хўжалиги компанияларининг инвестиция режалари билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди. Жумладан, ҳозирги вақтда Ҳиндистоннинг “Indo Organics” компанияси тўғридан-тўғри инвестициялар ҳисобига Наманган вилоятида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва қайта ишлашни йўлга қўймоқчи.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 165
Рейтинг: 3.1
Теглар
t
×