“Uzbekistan Airways”нинг нархлари хориждагилардан 148 фоизгача юқори – Сенат
Жамият
−
11 Июнь 2021
5347Аввалроқ, Монополияга қарши курашиш қўмитасига Ўзбекистондан хорижга парвозлар учун авиачипталар нархининг қимматлиги юзасидан сенатор сўрови юборилгани ҳақида хабар берган эдик.
Сенатор сўровига асосан Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан “Uzbekistan Airways” акциядорлик жамиятининг авиачипталар ва авиаташиш хизматлари ҳолати ўрганилди ва бу борада қуйидагилар маълум қилинди.
Ўрганиш натижаларига кўра, авиакассаларда “Uzbekistan Airways” АЖ томонидан маҳаллий ва халқаро йўналишларда мавжуд барча тарифлар ҳақидаги маълумотлар истеъмолчиларга тўлиқ етказилмаган.
Шунингдек, “Uzbekistan Airways” АЖ томонидан Тошкент-Москва бир томонлама йўналишда чипталар “багажсиз эконом” синфида 131 евродан 211 еврогача, “эконом” синфида 145 евродан 335 еврогача, “бизнес” синфида 642 евродан 862 еврогача этиб белгиланган бўлса-да, авиакомпания томонидан арзон нархлардаги авиачипталар сотувга чиқарилмаган.
Бундан ташқари, ўрганишлар давомида “Uzbekistan Airways” АЖ томонидан маҳаллий йўналишлар учун белгиланган нархлар бошқа давлатлардаги нархлардан қимматлиги, хусусан, “Uzbekistan Airways” АЖ томонидан белгиланган нархлар хорижий авиакомпанияларнинг нархларидан ўртача 36 фоиздан 148 фоизгача юқори эканлиги маълум бўлди.
Хусусан, Тошкент-Урганч (учиш вақти 1 соат 15 минут) йўналиш бўйича “багажсиз эконом” синфидаги чипта нархи ўртача 41 евро этиб белгиланган. Ҳудди шу хизмат Россия Федерациясида (Санкт-Петербург-Москва – йўналиши 1 соат 30 минут) ўртача 27 еврони ташкил этади. Бундан кўриш мумкинки, “Uzbekistan Airways” АЖ томонидан парвоз учун белгиланган нарх 56 фоизга қиммат. “Uzbekistan Airways” АЖнинг ушбу йўналиш бўйича “Эконом” синфидаги авиачипта нархи Қозоғистон Республикасидаги авиакомпаниядаги нархлардан 40 фоизга, Туркиядаги авиакомпания нархларидан эса 146 фоиз қиммат эканлиги аниқланди.
Шунингдек, Туркия давлатидаги ички йўналишлари бўйича “эконом” синфидаги тарифлар Ўзбекистонда қўлланилаётган ички “багажсиз эконом” тарифларидан ўртача 42 фоизга арзон эканлиги аниқланди.
“Бу каби авиаташиш хизматлари бозорида қиммат нархларни ушлаб туриш сабабларидан бири рақобат муҳити ривожланмаганлиги дейиш мумкин. Чунки, авиакомпаниялар сони қанчалик кам бўлса истеъмолчиларга билдириладиган таклифлар кўлами камайиб, истеъмолчиларда авиачипталарга бўлган талаб (эҳтиёж) ортади. Табиийки бунинг натижасида эркин рақобат муҳити бузилишига олиб келади. Бу эса бозор иқтисодиётидаги талаб ва таклиф қонуниятини бузади.
Тошкент – Олмаота йўналиши бўйича ҳафтасига 7 марта мунтазам рейслар мавжудлигига қарамай фақат 2 та авиаташувчи (“Uzbekistan Airways” ва “Air Astana”), Тошкент – Москва йўналишида ҳам 2 та авиакомпания (“Uzbekistan Airways” ва “Аэрофлот”) тўғридан-тўғри парвозларни амалга оширишини айтиб ўтишимиз мумкин.
Шунингдек, мазкур йўналишларда рақобатнинг ривожланмаганлиги, авиаташувчи компаниялар ўртасида келишиб қилинадиган ҳаракатларни содир этишга замин яратади”, дейилади Сенат хабарида.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси юқоридаги муаммоларни бартараф этиш ва келгусида фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлигига бир қатор таклифлар юборган. Билдирилган таклифларнинг ижро этилиши Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси томонидан назоратга олинган.
LiveБарчаси