“Uzbekistan Airways” монополияси Сенат қўмитаси мажлисида муҳокама қилинди

Жамият 4861
image

Ўзбекистонда “Uzbekistan Airways” АЖ минтақавий ва халқаро даражадаги парвозларни амалга оширувчи ягона монополистик ташкилот бўлиб қолмоқда. Шу боис компаниянинг рақобат муҳити бўлмаган шароитда фаолият самарадорлигини оширишга қизиқиши мавжуд эмас. Бу ҳақда бугун, 5 октябрь куни Олий Мажлис Сенати Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасининг видеоконференцалоқа тарзида ўтган мажлисида сўз борди. 

Унда “Рақобат тўғрисида”ги Қонуннинг “Uzbekistan Airways” ва “Uzbekistan Airports”, “Ўзбекистон темир йўллари” ҳамда “Ўзметкомбинат” акциядорлик жамиятлари томонидан ижро этилиши ҳолати муҳокама қилинди.

Қайд этилишича, Монополияга қарши курашиш қўмитаси тегишли бошқармалари буйруқлари билан  “Uzbekistan Airports” акциядорлик жамияти тизимидаги халқаро аэропортлар мазкур йўналишдаги хизматларни кўрсатиш бўйича табиий монополия субъекти сифатида давлат реестрига киритилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг фуқаро авиациясини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига асосан “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК дирекцияси негизида “Uzbekistan Airways” акциядорлик жамияти ташкил этилган. Қолаверса, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК таркибига кирадиган 14 та давлат унитар корхонасини масъулияти чекланган жамиятларга айлантирилиб “Uzbekistan Airports” акциядорлик жамияти ташкил этилган.

Ўтказилган таҳлиллар жараёнида ҳаво транспорти соҳасининг ички ва ташқи бозорда рақобатбардошлик ҳолатига салбий таъсир этувчи бир қатор омиллар аниқланган. Жумладан, “Uzbekistan Airways” АЖ минтақавий ва халқаро даражадаги парвозларни амалга оширувчи ягона миллий компания эканлигидан рақобат муҳити бўлмаган шароитда компаниянинг фаолият самарадорлигини оширишга қизиқиши мавжуд эмас.

Таъкидланишича, 2010 йилдан буён компаниянинг парвозлар сони бор-йўғи 15% га ошган.  Ҳаво техникасининг кам миқдордалиги янги йўналишларни ўзлаштириш, парвозлар сонини кўпайтириш ҳамда компания самарадорлигини ошириш имкониятини чеклайди.

Шу билан бирга, парвозлар синфларини танлашнинг мураккаб тизими, харид қилинаётган хизматларнинг муҳим шартлари ҳақида истеъмолчиларнинг ахборотга эга бўлишига салбий таъсир этмоқда.

Қолаверса, “Uzbekistan Airways” АЖ тизимида юк ташишни ривожлантириш қўшимча даромад манбаи сифатида кўриб чиқилмаган. Кўрсатилган хизматлар умумий ҳажмида юк ташиш 0,03% улушни ташкил этади, бу эса жаҳон миқёсидаги 35% дан анча паст бўлиб, юк ташиш салоҳиятидан етарлича фойдаланилмаётганини кўрсатади.

Шунингдек, аэропортларнинг замонавий ихтисослашган ускуналар билан етарли даражада жиҳозланмагани самолётларни юқори сифатли қабул қилиш ва техник хизмат кўрсатиш даражаси пастлигига олиб келмоқда. Натижада аэропортларнинг ҳамкор сифатида жозибадорлиги пасаймоқда.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 125
Рейтинг: 3
Теглар
t
×