Ўзбек-турк қурувчилари жанжали: Туркия расмий идоралари сукут сақламоқда

Жамият 6344
image

 Аввалроқ, Самарқанд вилоятида ўзбекистонлик ва туркиялик қурувчилар ўртасида муштлашув содир бўлгани ҳақида хабар берган эдик. 

QALAMPIR.UZ манбасининг хабар беришича, муштлашувда жароҳатланган турк фуқароларидан бири Самарқанддаги шифохонага жойлаштирилган. 

Шунингдек, ушбу жанжалда қатнашган 4 нафар турк фуқаролари зудлик билан Туркияга жўнатиб юборилган ҳақида маълумотлар мавжуд. Бироқ, бу хабарни ҳозирча расмий идоралар тасдиқлаганича йўқ. 

QALAMPIR.UZ Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси Матбуот масалалари бўйича маслаҳатчиси Довуд Гази Бенли билан боғланди. Расмий бўлиб ўтган воқеалар хусусида ОАВда эълон қилингани қадар хабардорлигини айтаркан, Туркиянинг Тошкентдаги Бош консуллиги билан боғланиш имкони бўлмаётгани, консул Самарқандга бориб, вазиятни ўрганганини қўшимча қилади. 

Кечанинг ўзида бўлиб ўтган воқеа юзасидан Самарқанд вилояти прокуратураси, Ички ишлар вазирлиги расмий баёнот билан чиқди. Бироқ, шу вақтга қадар на Туркиядаги ва на Туркиянинг Ўзбекистондаги идоралари воқеалар бўйича баёнот бергани йўқ. 

Самарқанд шаҳар “Қора сув” массиви “Обод Маскан” маҳалласи ҳудудида қурилаётган кўп қаватли уйларнинг қурилиш майдонида қурилиш-монтаж ишларини олиб бораётган Туркия давлати ва Ўзбекистон Республикаси фуқаролари қурилиш майдони ҳовлисида ўзаро келиб чиққан келишмовчилик оқибатида уришиб жанжаллашишган.

Оқибатда 3 нафар Туркия ва 1 нафар Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тан жароҳатлари олишган.

Қурилишлар мамлакатда таниқли тадбиркор Шавкат Жалоловга тегишли бўлгани айтилмоқда.

Ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 277-моддаси 2-қисми “б” банди (безорилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги ТБ томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маълумот ўрнида, айни вақтда Ўзбекистонда барпо этилаётган кўплаб янги уйлар, хизмат кўрсатиш объектларида туркиялик қурувчилар ишламоқда. "Tashkent city" ва "Olmazor city" шулар жумласидандир.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 202
Рейтинг: 3.0
t
×