Ўзбек сериаллари 18+ ёки ахлоқсизлик тарғиботчиси...ми?

Интервью

Жорий йилнинг 14 январь куни QALAMPIR.UZ раҳбари Қамариддин Шайхов ўзининг шахсий Telegram каналида  аҳолини қийнаётган оғриқли бир муаммо ҳақида пост жойлаган эди. Унда Қамариддин Шайхов билан суҳбатлашган фуқаронинг телевидениеда эфирга узатилаётган ўзбек сериаллари ва турли рекламалардан норозилиги акс эттирилган. Постда айтилишича, бир фуқаро QALAMPIR.UZ таҳририятига келиб қуйидагича мурожаат қилади. 

“Кечки овқат вақтида оилам билан телевизор кўраман. Эркаклар кучини оширувчи, тез ҳомиладор қиладиган дорилар, интим маҳсулотлар ҳақида рекламалар бериляпти. 9 яшар қизимнинг олдида хижолат бўлиб кетаман. Бошқа каналга олсам, бемаъни кино, ўзбекона канал “ўшанга”(Қамариддин Шайхов канал номини ёзишни хоҳламаганини айтган – таҳр.) олсам шу реклама берилади. Нима қилса бўлади, сиз уларга айта оласизми?”, дея сўрайди фуқаро.

Шу ўринда, Шайхов мурожаатчига бу каналларнинг реклама сиёсати экани, масалан QALAMPIR.UZ’га ҳам шундай реклама бериш мақсадида мурожаат қилинса, пулини ҳам сўраб ўтирмай, рад қилгани ва телеканал ходимларини кўрса, албатта, бу ҳақида уларга айтишини  таъкидлайди.

Шунингдек, “Кечагина ТВлардаги мусордан мусор сериаллар ҳақида ёзмоқчи эдим, бугун қаршимдан бошқа бир масала чиқиб турибди. Виждонингизга ҳавола! Биламан, ҳаммангиз ё очиқ, ё зимдан кузатасизлар, бу постни ўқийсизлар. Қайнағаси ёки қайнотаси билан дон олишиб юрган келинлар, танасини сотаётган аёллар ҳақидаги сериалларингиз ва жамият буни оддий қабул қилиши керак деган уринишларингиз жабрини чекмасдан ўлманг!”, деб ёзади QALAMPIR.UZ раҳбари.

Буни қарангки, бугунги кунга келиб ўзбек сериаллари мавзусидаги баҳслар ижтимоий тармоқни портлатди. Баъзи сериалларда тасвирланган порнографик тасвирлар атрофидаги  муҳокамалар авжига чиққан. Хўш, бугун ўзбек телетомошабинлари қайси сериалларни кўрмоқда ва уларга нисбатан муносабати қандай? QALAMPIR.UZ бу борада томошабинлар фикрини ўрганиш мақсадида ижтимоий сўровнома ўтказди.

Респондентларнинг аксарият қисми ўзбек сериалларини умуман томоша қилмаслигини айтди. Ҳатто, "Ўзбек сериаллари кўришга арзимайди", деганлар ҳам топилди.           
              
Бир респондентнинг айтишига қараганда,  ўқишдан, ишдан чарчаб келган одам телевизорни ёқса, телеканалларда қайсидир аёлнинг турмуш ўртоғига хиёнат қилаётгани ёки фарзандини олдираётгани акс этган тасвирлар намойиш этилаётганини кўриш кишига баттар психологик зарба беради. Унинг фикрича, бундай сериаллар ёшларнинг онгига салбий таъсир кўрсатмоқда

Суҳбатдош оталардан бири эса оила даврасида ўзбек сериалларини кўриш жуда қийин масала бўлиб қолганини таъкидлади. “Баъзида фарзандларим олдида уялиб кетганимдан нима қилишни билмай қоламан. Тезда бошқа каналга олай десам, уятсиз рекламаларга кўзим тушади” дейди у.

Аксарият респондентларнинг айтишича, сериалларда тасвирланаётган воқеаларнинг барчаси ҳаётий ва улар одамларга ибрат бўлмоқда. 

Шунингдек,“Бугунги кунда ўзбек сериаллари 18+ саҳналари, қолаверса, қайнота ва келин ўртасидаги муҳаббатни кўрсатиб, ёшлар онгини заҳарлаяпти”, деганлар ҳам топилди. 

Сиз бугун қайси ўзбек сериалини кўряпсиз? Сериалга нисбатан муносабатингиз қандай? Фикрингизни изоҳларда қолдиринг. 

Ижтимоий сўровномани юқоридаги видеоплеерда ёки QALAMPIR.UZ нинг YouTubeʼдаги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

ўзбек сериали севимли ахлоқсизлик тарғиботчиси

Баҳолаганлар

462

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар