“Ўзбек маданияти элчиси” мақоми биринчи бўлиб Япония фуқаросига берилди

Жамият

image

Япониялик таниқли қўшиқчи ва созанда Машу Комазаки “Ўзбек маданияти элчиси” этиб тайинланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Маданият вазирлиги хабар берди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон ва Япония ўртасида маданий алоқаларни янада кенгайтириш, хусусан миллий мусиқа ва куйларни кунчиқар мамлакатда кенг тарғиб қилиш орқали мамлакат ихлосмандларини ошириш мақсадида ушбу тадбир ўтказилган. Тадбирда Ўзбекистоннинг Япониядаги элчиси Муҳсинхўжа Абдураҳмонов томонидан Машу Комазаки хонимга “Ўзбек маданияти элчиси” кўкрак нишони ва сертификати тантанали равишда топширилган.

Жумладан, элчи “Ўзбек маданияти элчиси” деган мақом биринчи бўлиб Япония фуқаросига берилгани, албатта, Ўзбекистон Япония билан маданий алоқаларни ривожлантиришга катта эътибор қаратилаётганлигини ифода этиши, ушбу юксак мақом Машу Комазакига Японияда Ўзбекистоннинг маданияти ва санъатини бундан-да кенг равишда тарғиб қилишида кенг имкониятлар яратиб беришини алоҳида таъкидлаб ўтди.

“Шу кунгача Японияда ташкил қилинаётган маданий тадбирларда ўзбек миллий куй ва мусиқаларини ижро этганимдан сўнг, кўплаб япон томошабинлари “Машу хоним, очиғини айтсак, ижронгиз орқали Буюк ипак йўлидаги сирли мамлакат ҳақида онгимизда ёрқин тасаввур ҳосил бўлди, биз сиз билан Ўзбекистонга ташриф буюришни хоҳлар эдик” деган муносабатларни олганимда мусиқа ва куйлар инсон қалбига нақадар таъсир ўтказишидан ҳайратланаман. Бу мени янада ижод қилишимга ва Японияда юртингиз ихлосмандларини оширишга илҳомлантиради”, дейди япониялик санъаткор.

Шунингдек, тадбир давомида элчихона билан ҳамкорликда Японияда Ўзбекистоннинг маданий салоҳиятини кенг тарғиб қилиб бориш, қўшма лойиҳаларини амалга ошириш, ОАВда Ўзбекистон ҳақида кўрсатувлар тайёрлаш ва мақолалар чоп қилиш бўйича келишиб олинди.

Маълумот учун, Машу Комазаки 1988 йил 16 октябрда Токио шаҳрида туғилган. 2010 йилда Токио мусиқа университети фортепиано факультетини тамомлаган. 2015-2017 йилларда Япониянинг хориждаги ҳамкорлик кўнгиллилари (JOCV) дастури бўйича Ўзбекистоннинг Бухоро шаҳридаги ўрта умумтаълим мактабида кўнгилли равишда мусиқа ўқитувчиси сифатида фаолият юритган. Ўзбекистондаги фаолияти давомида миллий мусиқадан таҳсил олиб, ўзбек дуторини чалишни ўрганган. 2018 йилда Ўзбекистонда бўлиб ўтган Биринчи Халқаро мақом санъати анжуманида ўзбек дуторида “Сунбула” куйини ижро этиб, фахрли учинчи ўринни эгаллаган. 2022 йил 23 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг Фахрий ёрлиғи билан тақдирланган. 2024 йилда Ўзбекистонда бўлиб ўтган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа ва “Бойсун баҳори” халқаро фольклор фестивалларида фахрли учинчи ўринни эгаллаган. 2024 йил 24 ноябрь куни Токио шаҳридаги “Такиногава” тадбирлар залида “Буюк ипак йўли” мусиқалари бўйича концерт дастурини ташкил қилиб, унда Ўзбекистон мусиқаси ва куйларини япон ҳамжамиятига тақдим қилган.

Моҳимбегим Маъруфалиева


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Япония Ўзбек маданияти элчиси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг