АҚШ ўзбек-қирғиз чегараси масаласи тинч йўл билан ҳал қилинганини олқишлади

Жамият

image

Аввал хабар қилганимиздек, бугун, 27 январь куни Бишкекда Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасининг делимитацияси якунига етказилиб, келишувга мувофиқ умумий узунлиги 302,29 километр бўлган чегара чизиғи, жумладан, Ўзбекистон-Қирғизистон Давлат чегарасининг 35 та участкаси белгиланган эди. Ушбу келишувни Америка Қўшма Штатларининг Бишкекдаги элчихонаси ижобий баҳолаб, Twitter’даги саҳифасида муносабат билдирди.

АҚШ Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг минтақавий тинчлик ва барқарорликни таъминлашга содиқлигини намойиш этишдаги муваффақиятли саъй-ҳаракатларини олқишлашини маълум қилган.

“Икки давлат низодан кўра дипломатияни танлаб, Марказий Осиё ҳамкорлиги иқтисодий тараққиёт ва алоқалар учун муҳим эканини таъкидлади”, дейилади хабарда.

Таъкидлаш жоиз, келишувга мувофиқ Ўзбекистон ўз ҳудудига Андижон (Кампиробод) сув омборининг 4957 гектарини ҳамда тўғонни сақлаш ва муҳофаза қилиш учун қўшимча 19,5 гектарни олади. Қирғизистон компенсация сифатида 1019 гектар яйловни олади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2022 йилнинг 30 ноябрь куни Ўзбекистон-Қирғизистон ўртасидаги давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги шартнома ҳамда Андижон (Кампиробод) сув омборининг сув ресурсларини биргаликда бошқариш тўғрисидаги битимни ратификация қилишга оид қонунларни имзолаганди.

Андижон сув омбори сув ресурсларини биргаликда бошқаришнинг ҳуқуқий асослари яратилди. 2,5 миллион тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва 500 миллион доллар миқдоридаги маҳсулотларни экспорт қилиш учун 8 мингга яқин фермер хўжаликларини сув билан узлуксиз таъминлаш имконияти пайдо бўлади.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг