Ўзбек футболида энг яхшилар аниқланди
Спорт
−
26 Декабрь 2023
8551Бугун, 26 декабрь куни Ўзбекистон футбол ассоциацияси биносида 2023 йил якунларига кўра, ўзбек футболининг энг яхшилари аниқланиб, мукофотлар ўз эгаларига топширилди.
20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё кубоги соҳиби, ёшлар ўртасидаги Жаҳон чемпионати иштирокчиси, Ўзбекистон U-20, U-23 ва миллий терма жамоаларида ишончли ўйин кўрсатиб келаётган ёш иқтидор эгаси Аббосбек Файзуллаев “Йилнинг энг яхши футболчиси” совринига лойиқ деб топилди.
Ўзбекистон аёллар терма жамоаси ҳамда “Севинч” клуби етакчиси Людмила Карачик “Йилнинг энг яхши аёл футболчиси” совринини қўлга киритди.
Ўзбекистон мезбонлик қилган U-20 Осиё кубогида жамоаси билан биргаликда ғолибликни қўлга киритган мутахассис Равшан Ҳайдаров “Йилнинг энг яхши мураббийи” деб эътироф этилди.
20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё кубоги соҳиби, ёшлар ўртасидаги Жаҳон чемпионати иштирокчиси, Ўзбекистон U-20, U-23 ва миллий терма жамоаларида ишончли ўйин кўрсатиб келаётган иқтидор эгаси Абдуқодир Ҳусанов “Йилнинг энг яхши ёш футболчиси” совринига лойиқ деб топилди.
Ўзбекистон футбол ассоциацияси Осиё футбол конфедерацияси томонидан 2023 йилнинг “Энг яхши ассоциацияси” деб топилди. Шу муносабат билан мазкур совринлар ЎФА президенти Абдусалом Азизовга топширилди.
Шунингдек, яна бир қатор номинацияларда ғолиблар аниқланди.
“Аёллар Олий лигаси тўпурари” “Сўғдиёна” етакчиси Диёра Ҳабибуллаева кетма-кет учинчи мавсум Олий лиганинг энг яхши тўпурарига айланмоқда. Жорий йилга келиб Диёра чемпионат доирасида рақиблари дарвозасига 61 та тўп киритишга муваффақ бўлди.
“Севинч” клуби бош мураббийи Владислав Хан “Аёллар футболи бўйича йилнинг энг яхши мураббийи” совринини қўлга киритди. Мазкур клуб вакиласи Умида Зоирова “Аёллар Олий лигасида йилнинг энг яхши футболчиси” совринини қўлга киритди.
Ўзбекистон футзал миллий терма жамоаси етакчиларидан бири, ўтган мавсум чемпиони Ҳусниддин Нишонов “Йилнинг энг яхши футзалчиси” совринини қўлга киритди. Ўтган мавсумда BMB футзал жамоаси билан биргаликда мавсум чемпионлигини қўлга киритган мутахассис Нодир Элибоев мазкур совринига лойиқ деб топилди.
Андижон ФА –“Йилнинг энг яхши ҳудудий футбол ассоциацияси” деб топилди.
Ўзбек футболининг ўтмишдаги ёрқин юлдузларидан бири, айни пайтда ЎФА Фахрийлар кенгаши раиси сифатида фаолият олиб бораётган инсон Тўлаган Исоқовга “Футбол фидойиси” соврини топширилди. Футболимиз фахрийси, айни кунларда муборак 90 ёшни қарши олган Лев Викторович Вахтин “Ўзбек футболи нуронийси” совринига лойиқ деб эътироф этилди. У кўп йиллар давомида Ўзбекистонда малакали футболчи ва мутахассисларни тарбияланишида ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келган.
LiveБарчаси