Ўзбек футболи 350 минг долларга “ухладими”? – Спорт дайжести
Таҳлил
−
25 Февраль
11038350 минг долларга ухлагани айтилаётган Ўзбекистон футбол ассоциацияси, Америка клуби таклифини рад этган Аббосбек Файзуллаев ва Франциядаги сўровномада ғолиб бўлган Абдуқодир Ҳусанов бугун диққат марказида. Ассалому алайкум. QALAMPIR.UZ'да спорт дайжести.
Ҳасанбой Дўсматовнинг укаси профбоксда жанг қилади
Рио-2016 Олимпиадаси ғолиби, жаҳон чемпиони Ҳасанбой Дўсматовнинг укаси Фарёзбек Дўсматов профессионал боксда дебют қилади.
Бу ҳақда Ўзбекистон профессионал бокс федерацияси матбуот хизмати маълум қилди.
Кичик Дўсматов профессионал боксдаги илк жангини жорий йилнинг 2 март кунида Жанубий Кореяда ташкил этилаётган FW1 турнири доирасида ўтказади. Унга филиппинлик 28 ёшли чарм қўлқоп устаси Жовер Амистосо (5-2-0) рақиблик қилади.
Маълумот учун, Фарёзбек шу кунгача ҳаваскор боксда Ўзбекистон чемпионати ва бошқа мусобақалар доирасида 8 та жанг ўтказган ва 5 та ғалаба, 3 та мағлубият қайд этган. У 2022 йилги Ўзбекистон чемпионати кумуш медали соҳиби ҳисобланади.
ЎФА 350 минг АҚШ долларини “ухлатгани” айтилаётган ҳисобчи бўйича муносабат билдирди
Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон футбол ассоциацияси (ЎФА) бухгалтери 350 минг АҚШ долларини ўзлаштириб, қочиб кетгани айтилмоқда.
Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов бу ҳақдаги маълумотга эга эмаслигини билдирди.
Тармоққа сиздирилган маълумотларга кўра, ЎФА бухгалтери 350 минг АҚШ долларини (тахминан 4 миллиард сўм) ўзлаштириб Туркияга учиб кетган ва ҳисобчига қарши иш ҳам очилган.
Ўзбекистон футбол ассоциацияси жорий йилнинг 19 февраль куни оммавий ахборот воситаларида тарқалган маълумотлар бўйича қуйидагиларни билдирди:
“ЎФА томонидан ҳолат юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. ОАВ вакилларидан текширилмаган ва ҳали тасдиғини топмаган маълумотларни тарқатмасликни сўраймиз. Ўрганиш ишлари юзасидан тегишли хулосалар чиқарилгач, натижаси бўйича қўшимча ахборот берилади”, дейилади манба хабарида.
“Реал” Мбаппе билан 5 йиллик шартнома имзолайди
Франциялик ҳужумчи Килиан Мбаппе “Реал” билан 5 йиллик шартнома имзолаш бўйича келишувга эришди. Келишув 2024 йилнинг ёзида, Мбаппенинг парижликлар билан амалдаги шартномаси тугаши билан кучга киради. 25 ёшли Мбаппе “Реал”га эркин агент сифатида ўтади. Футболчи мавсум якунида жамоани тарк этиш қарори ҳақида ПСЖ президентини шахсан хабардор қилган.
ПСЖ таркибида Мбаппе 5 карра Франция чемпиони, 3 карра мамлакат кубоги ва суперкубоги соҳибига айланди ва икки марта Франция Лига кубогини қўлга киритди.
Франция терма жамоаси таркибида 2018 йил Россияда бўлиб ўтган Жаҳон чемпионатида ғолиб чиққан бўлса, 2022 йилги мундиалда 8 та гол билан тўпурар бўлди ва чемпионатнинг кумуш медалини қўлга киритди.
Ташиев Қирғизистон футбол иттифоқи раҳбари бўлди
Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев Қирғизистон футбол иттифоқи президенти этиб сайланди. Бу ҳақда мамлакат футбол иттифоқи матбуот хизмати хабар берди.
“Қирғизистон футболини ҳозирги ҳолатида қабул қиламан. Менимча, ҳал қилиниши керак бўлган учта муаммо бор. Биринчиси, футбол инфратузилмасини ривожлантириш. Бу асосий мақсад бўлиши керак. Ўш, Жалолобод ва Бишкекда саноқли стадионларимиз бор. Ҳар бир шаҳар ва ҳар бир вилоятда яқин ойларда футбол стадионлари бўлиши керак. Ҳар бир қишлоқда футбол майдончалари қурилади. Яқин келажакда Қирғизистон футбол мамлакатига айланади”, дейди Ташиев.
Унинг сўзларига кўра, ҳал қилиниши керак бўлган қолган иккита асосий вазифа барча шаҳарларда футбол академияларини қуриш орқали болалар ва ўсмирлар футболини кучайтириш, шунингдек, Қирғизистон клубларига кучли футболчиларни таклиф этиш орқали ички чемпионатни мустаҳкамлашдан иборат.
Шу билан бирга, федерациянинг янги раҳбари бошқа соҳаларда фаолият юритса ҳам футболни яхши кўришини таъкидлади.
Ташиев унинг қўл остида терма жамоага ўйинчиларни танлаш тизими ўзгаришини айтди.
Унга кўра, миллий терма жамоага Европада рақобатлашаётган қирғизистонлик ёшлар жалб этилади.
Шунингдек, Ташиев “Барселона” тизимида ўйнаётган ўғли терма жамоага жалб қилинадими, деган саволга жавоб бериб, бу масалани терма жамоа мураббийи ҳал қилишини айтиб ўтди.
Қайд этиш жоиз, Ташиев бу лавозимда Қирғизистон терма жамоасининг Осиё кубогидаги муваффақиятсиз ўйини ортидан истеъфога чиқарилган Медер Сидиқов ўрнини эгаллади.
Абдуқодир Ҳусанов Франциядаги сўровномада ғалаба қозонди
Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси ва Франциянинг "Ланс" клуби аъзоси Абдуқодир Ҳусанов мамлакат чемпионатининг 22-туридан ўрин олган “Реймс”-“Ланс” учрашувининг энг яхши футболчиси деб топилди. Бу ҳақда “Lensois” сайти хабар берди.
Маълум бўлишича, “Lensois” сайтида ҳар бир ўйин якунига етганидан кейин эрталаб соат 9:00 га қадар мухлислар ўртасида сўровнома ўтказилади. “Реймс” ва “Ланс” ўйинидан кейин ташкил этилган сўровномада Ҳусанов 46 фоиздан кўпроқ овоз тўплаб, 1-ўринни эгаллаган.
19 ёшли Ҳусанов бу борада польшалик жамоадоши Франковскини ортда қолдирди. Франковски сўровномада 20 фоиз овоз йиғди. Кучли учликни 18 фоиз билан Саид Уэслида якунлаб берди.
Маълумот учун, Абдуқодир Ҳусанов шу вақтга қадар Франция чемпионатида 6 марта майдонга тушди. Шунингдек, у 2 марта Европа Чемпионлар лигаси, 1 марта Европа лигаси ўйинида иштирок этди. Унинг "Ланс" билан шартномаси 2027 йилнинг ёзига қадар амал қилади. Ҳусанов “Transfermarkt” портали томонидан ҳозирда 1,5 миллион еврога баҳоланмоқда.
Файзуллаев Америка клуби таклифини рад этди
Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва Москванинг ЦСКА клуби аъзоси Аббосбек Файзуллаев Американинг “Сент-Луис” клуби таклфиини рад этди. Бу ҳақда футбол мутахассиси Алишер Никимбаев ўз Telegram-саҳифасида маълум қилди.
Манбага кўра, Файзуллаевга эндиликда бундай таклифлар бўлиши табиий ҳол. Буёғига футболчига қайсидир клуб қизиқаётгани ҳақида хабарлар кўпаяверади.
“Сент-Луис”нинг ўз версияси бор: клуб футболчининг трансферга тайёрлигини сўради. Америка клубига йўқ деб жавоб беришди, чунки футболчининг ҳозирги жамоаси билан шартномаси бор”, дейди Никимбаев.
Қайд этилишича, “Сент-Луис” клубининг спорт директори германиялик Лутц Пфанинштиль ҳисобланади. Пфанинштильнинг рафиқаси эса ўзбекистонлик. Бундан кўринадики, Файзуллаевга бўлган қизиқиш ўз-ўзидан пайдо бўлмаган.
Маълумот учун, 20 ёшли Файзуллаев ўтган ёзда ЦСКАга ўтган эди. “Армиячилар” таркибида ҳужумкор ярим ҳимоячи 18 та ўйин ўтказиб, 2 та гол урди ва 9 та голли узатмани амалга оширди.
Осиё кубогидан кейин кўплаб ўзбек футболчиларининг трансфер нархи ошди
Қатар мезбонлик қилган Осиё кубоги якунланганидан сўнг бир қатор Осиё қитъаси термалари футболчиларининг нархи ўзгарди. Бу ҳақда “Transfermarkt” портали хабар берди.
Манбага кўра, қитъа биринчилигида яхши ўйин кўрсатган Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоларидан Аббосбек Файзуллаевнинг трансфер қиймати 1 миллион, Абдуқодир Ҳусановники эса ярим миллион еврога ошган.
Шунингдек, Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва Қаршининг “Насаф” клуби футболчиси Зафармурод Абдураҳматовнинг қиймати 150 минг еврога кўтарилди.
Ҳозирга келиб, Файзуллаевнинг трансфер нархи 5 миллион, Ҳусановники 2 миллион еврони ташкил қилмоқда. Абдураҳматовнинг қиймати эса ярим миллион еврога етди.
Қайд этиш жоиз, Осиё кубогидан кейин қўшни тожикистонлик бир қатор футболчиларнинг ҳам трансфер нархи сезиларли даражада ўсди.
Ўзбекистонлик боксчи Қозоғистон таркибида жанг қиладиган бўлди
Бокс бўйича 2023 йилги Ўзбекистон чемпионатининг бронза медалини қўлга киритган Аман Конисбеков энди Қозоғистон шарафини ҳимоя қилади. Бу ҳақда “Kazinform” хабар берди.
Манбага кўра, 71 килограмм вазн тоифасидаги боксчи Аман Конисбеков асли қозоқ миллатига мансуб бўлиб, буёғига у Туркистон вилояти вакили сифатида жангларда қатнашишга қарор қилган.
Охирги Ўзбекистон чемпионатида Конисбеков ярим финалда жаҳон чемпиони Асадхўжа Мўйдинхўжаевга қарши рингга кўтарилиб, уч раунддан сўнг ҳакамларнинг баҳсли қарори билан имкониятни бой берган, ўша қарама-қаршиликнинг биринчи раундида Аман рақибини нокдаунга туширишга муваффақ бўлган.
Дани Алвес 4,5 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди
“Барселона”нинг собиқ ҳимоячиси Дани Алвес зўравонликда айбланиб 4,5 йилга қамалади. Бу ҳақда “Marca” хабар берди.
Манбага кўра, Дани Барселонадаги “Суттон” тунги клубида 23 ёшли қизни зўрлаганликда айбланмоқда. Алвеснинг ўзи унга қўйилган айбловларни рад этиб, иш бўйича кўрсатмаларини бир неча бор ўзгартирди.
Бир неча суд мажлисларида прокурорлар 40 ёшли бразилиялик футболчини тўққиз йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилишни ва ундан жабрланувчи деб тахмин қилинган шахсга 150 минг евро товон пули тўлашни талаб қилди.
Қайд этиш жоиз, футболчи 20 январда ҳибсга олинганди.
Маълумот учун, бразилиялик ҳимоячи “Барселона”даги ўйинлари билан машҳур. “Кўк-анорранглилар” таркибида Алвес олти марта Испания чемпиони бўлди, Европа Чемпионлар лигасида ғолиб чиқди, мамлакат кубоги ва суперкубогини қўлга киритди. Бразилия терма жамоаси билан ҳимоячи икки марта Америка кубоги ва Конфедерациялар кубогини қўлга киритди.
Янгиланган WBC рейтингидан 8 нафар ўзбек боксчиси ўрин олди
Бутунжаҳон бокс иттифоқи (WBC) февраль ойи учун янгиланган рейтингни эълон қилди. Янгиланган рейтингга 8 нафар ўзбекистонлик боксчи киритилди.
Эътиборлиси, ўзбекистонлик чарм қўлқоп усталаридан енгил вазн тоифасидаги Олимжон Назаров рейтингга киритилди ва 34-ўринни эгаллади.
Жадвалда энг яхши натижа биринчи ярименгил вазнда жанглар ўтказадиган Муроджон Аҳмадалиевга тегишли. Аҳмадалиев 55,3 кг да 3-ўринни банд этган.
Суперўрта вазн тоифасида фаолият олиб бораётган Бектемир Мелиқўзиев бир поғона юқорилаб, 12-ўриндан жой олди.
Рейтинг:
- Супероғир вазн: Баҳодир Жалолов 13-ўрин;
- Суперўрта вазн тоифаси (76,2 кг): Бектемир Мелиқўзиев 12-ўрин;
- Суперярим ўрта вазн (69,8 кг): Исроил Мадримов 8-ўрин;
- Яримўрта вазн (66,6 кг): Шаҳрам Ғиёсов 14-ўрин; Жаҳонгир Расулов 32-ўрин;
- Биринчи ярименгил вазн (55,3 кг): Муроджон Аҳмадалиев 3-ўрин;
- Енгил вазн (50,82 кг): Олимжон Назаров 34-ўрин;
- Биринчи ўта енгил вазн (47,6 кг): Ҳасанбой Дўсматовда 5-ўрин.
LiveБарчаси