Ўзбек футболчиси Беларусь чемпионатида рекорд ўрнатди

Спорт 5605
image

Футбол бўйича Беларусь чемпионатининг 29-турида “Энергетик-БГУ” сафарда “Гомель” клубини мағлубиятга учратди. Талабалар клуби сафида тўп тепадиган ўзбекистонлик футболчи Бобир Абдихолиқов жамоасининг голларидан бирига муаллифлик қилди.

Шундай қилиб, “Насаф” тарбияланувчиси чемпионатдаги голлари сонини 26 тага етказиб, Беларусь Олий лигасида энг кўп гол урган легионер футболчига айланди. Бунгача ушбу рекорд 2001 йилда мамлакатнинг “Неман” клубида тўп тепган россиялик футболчи Сергей Давидовга тегишли эди. Рус футболчиси ўша йили Олий лигада 25 та гол уришни уддалаган. 

Маълумот учун, “Энергетик-БГУ” Беларусь чемпионатини ўз тарихида илк марта кучли учликда якунлайдиган бўлди. Жамоа ортда қолган 29 турдан сўнг 60 очко билан мусобақа турнир жадвалида 2-ўринни банд этган. 

Сўнгги турда минскликлар “Динамо”га қарши баҳс олиб боришади. Пешқадам “Шахтёр” (Солигорск) “Белшина” клубига қарши майдонга тушади. Агар “Энергетик-БГУ” мамлакат чемпионлигини қўлга киритса, Европа Чемпионлар Лигаси янги мавсумини 1-квалификация раундига йўл олади. 2-ўрин эса Бобир Абдихолиқов тўп тепадиган жамоага Конференциялар Лигаси 2-саралаш босқичи йўлланмасини тақдим этади.

Эслатиб ўтамиз, 1-ўриндаги “Шахтёр” (Солигорск) ва “Энергетик-БГУ” клублари ўртасидаги тафовут 2 очкони ташкил этади.

Шахзод Шукуров
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 164
Рейтинг: 2.9
t
×