Ўзбек ҳарбий колоннаси вертолётлар ҳамроҳлигида Тожикистонга етиб олди (видео)
Жамият
−
02 Август 2021
10041Кеча, 1 август куни Сурхондарё вилоятидаги ҳарбий қисмдан йўлга чиққан Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари ўзбек-рус-тожик ҳамкорлигидаги ўқув машғулотларида иштирок этиш учун узоқ масофали марш асосида Тожикистон Республикасига етиб борди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, мазкур ҳамкорликдаги машғулотлардан кўзланган асосий мақсад Марказий Осиё минтақасида барқарорликни мустаҳкамлаш, юзага келиши мумкин бўлган хавф-хатарларнинг олдини олиш, махсус операциялар ўтказишини режалаштириш ҳамда қўшинларни тайёрлаш, ўзаро тажриба алмашишдан иборат.
Хабарга кўра, ҳамкорликдаги ҳарбий ўқув машғулотлар Тожикистон Республикасининг “Ҳарб майдон” полигонида бўлиб ўтади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил 26-30 июль кунлари Шарқий ҳарбий округга қарашли “Ғурумсарой” (Наманган вилояти) дала ўқув майдонида Ўзбекистон–Тожикистон ҳарбий хизматчилари иштирокида “Жанговар ҳамдўстлик – 2021”, деб номланган махсус тактик ўқув машғулотлари бўлиб ўтганди.
LiveБарчаси