UzAutomotors заводида Chevrolet Onix автомобилини серияли ишлаб чиқариш бошланди (фото,видео)
Технология
−
15 Февраль 2023
16156Бугун, 15 февраль куни Андижондаги UzAutomotors заводида Chevrolet Onix автомобилини серияли ишлаб чиқариш бошланди. Шу муносабат билан янги автомобилнинг тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбирдан QALAMPIR.UZ мухбири Соҳиба Мамадиёрова хабар берди.
Ушбу тақдимотда "Uzavtosanoat" акциядорлик жамияти Бошқарув раиси Шавкат Умрзоқов, General Motors International глобал харидлар ва таъминот тизими вице-президенти Жонний Салданҳа, General Motors International вице-президенти Томмий Ҳосеа ва бошқа ҳамкорлар иштирок этди.
Тадбирда General Motors International глобал харидлар ва таъминот тизими вице-президенти Жонний Салданҳа сўзга чиқиб, 27 йиллик иш фаолиятининг деярли ярмини UzAutomotors заводида ўтказганини бу ер у учун жуда қадрли эканини таъкидлади.
Албатта, заводда меҳнат қилаётган 30 минг ходимдан Onix машинаси ишлаб чиқарилишида асосий ҳиссасини қўшган ишчилар ҳам унутилмади – улар фахрий ёрлиқлар билан тақдирланди.
Шунингдек, тақдимотда 2022 йилда 327 минг дона – рекорд даражада автомобиль ишлаб чиқарилгани урғуланди.
Ўзбекистонда Onix автомобилини ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун “Uzavtosanoat ” АЖ томонидан маҳаллийлаштириш бўйича юқори технологияли 12 та янги лойиҳа амалга оширилган. Шу жумладан, умумий қиймати 312 млн доллар бўлган янги заводлар бунёд этилган ва юқори технологияли ишлаб чиқариш линиялари ишга туширилган. Янги ишлаб чиқариш қувватларининг ишга туширилиши 4,5 мингга яқин янги иш ўринларини яратиш имконини берди.
Қайд этилишича, янги автомобил моделининг ишлаб чиқарилишини йўлга қўйиш учун 5 мингдан ортиқ инженерлар жалб қилинган бўлиб, уларнинг бир қисми Тошкентдаги Турин политехника университети битирувчиларидир. Улар Chevrolet Onix автомобили учун Ўзбекистондаги 200 дан ортиқ корхонада 1 500 дона деталларнинг ишлаб чиқарилишини йўлга қўйган.
Янги Onix Chevrolet Tracker каби GM GEM (General Motors Global Emerging Markets) платформасида ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Ушбу лойиҳани амалга ошириш учун 427,6 млн доллар миқдорида инвестициялар киритилган. Корхоналарнинг инженерлик салоҳияти ва техник жиҳозланиши Chevrolet Onix автомобилини 50 фоизгача маҳаллийлаштиришга имкон берган, йил охирига қадар эса 70 фоизга етказилади.
Ўзбекистонда Onix автомобилини ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун “Uzavtosanoat” АЖ томонидан маҳаллийлаштириш бўйича юқори технологияли 12 та янги лойиҳа амалга оширилган. Шу жумладан, умумий қиймати 312 млн доллар бўлган янги заводлар бунёд этилган ва юқори технологияли ишлаб чиқариш линиялари ишга туришилган. Янги ишлаб чиқариш қувватларининг ишга туширилиши 4,5 мингга яқин янги иш ўринларини яратиш имконини берган.
UzAuto Motors Powertrain корхонасида автомобилларнинг энг муҳим таркибий қисмларидан бири бўлган двигателлар маҳаллийлаштирилган. Бунинг натижасида Chevrolet Onix ва Tracker автомобиллари учун маҳаллийлаштириш даражасининг умумий фоизи оширилади. Юқори босимли альюминий силиндрли блокларни ишлаб чиқаришнинг илғор технологиясидан фойдаланган ҳолда CSS Prime двигателларининг инновацион оиласини ишлаб чиқаришни ўзлаштириш двигателни яхшироқ иссиқлик узатиш ва экологик тозалик билан таъминлайди. Ушбу двигателларнинг ўзига хос хусусияти бу унинг учли технологиялаштирилганлиги, ёқилғи сарфининг тежамкорлиги ва турбиналарга эга эканлигидир. Маҳаллий мутахассисларнининг жалб қилиниши ва капитал харажатларни ишлаб чиқариш линияси ускуналарини сотиб олиш учун оптималлаштириш орқали лойиҳа қийматини қарийб 20 миллион долларга яқин камайтиришга эришилган.
Автомобиллар комплектациясига қараб 2 турдаги двигатель билан тақдим этилади:
-
1,2 литрли 132 от кучига эга турбо двигатель ҳамда 6 поғонали автомат узатмалар қутиси билан жиҳозланган;
-
1,2 литрли 90 от кучига эга атмосферали двигатель 5 поғоналик механик узатмалар қутиси билан жиҳозланган.
Автомобиль 10,9 сонияда 100 км/соат тезликка эришади, шу билан бирга аралаш циклда 100 км учун фақат 5,9 л ва шаҳар ташқарисидаги йўлда 4,7 л сарфлайди.
Автомобиль замонавий дизайн ва қулайлик билан бирга хавфсизлик бўйича энг илғор замонавий технологияларни ҳам тақдим этади. 5 ўриндиқли ушбу седан саёҳатлар учун хоҳ у оилавий, хоҳ дўстлар орасида ёки хизмат сафари билан шайланган ходим бўлсин умуман, барча-барча учун ҳам бирдек идеал. Chevrolet Malibu автомобили билан ўхшашлиги юқори тоифадаги автомобиллардан қолишмайдиган мустаҳкам ва замонавий ташқи кўриниш беради.
Барча Chevrolet Onix автомобиллари камида 2 та хавфсизлик ёстиқчаси ҳамда ABS ва ESC (барқарорликни электрон назорат қилиш) тизими билан жиҳозланган.
Топ версияларидаги круиз контрол тизими оптимал бошқарувни таъминлайди, узоқ масофаларга енгил ва қулай ҳаракатланиш имконини беради, фаол хавфсизлик тизимлари бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олишга ёрдам беради ва автомобилнинг турли йўл қисмларида ҳамиша барқарор туришини таъминлайди.
Бундан ташқари, соддалаштирилган комплектациясидан ташқари барча комплектацияларда тезликни чекловчи ва шиналар босимининг мониторинг тизими мавжуд.
2023 йилда Chevrolet Onix Premium автомобилидаги қўшимча опциялар:
• климат контрол;
• яримавтомат (параллел ва перпендикуляр) тўхташ тизими;
• олд партрониклар;
• кўриниши чекланган жойлар назорати датчиги;
• орқа ўриндиқ иситиш тизими;
• люк;
• тўлиқ светодиод оптикаси ва орқа габарит чироқлар;
• салонда ҳайдовчи, олд ўриндиқ ва орқа ўриндиқ йўловчилар учун алоҳида ёритиш тизими;
• оригинал дизайнли қуйма дисклар ва бошқалар.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь