“UzАutoMotors” янгича тизим ва бир нечта моделларни намойиш қилди

Технология 48291
image

Мана бир неча йилдирки, “UzАutoMotors” акциядорлик жамияти Ўзбекистон ва ўзбекистонликлар ҳаётида қизғин муҳокамалар марказида бўлиб келмоқда. Кимдир уни энг йирик монополия ва рақобат тамойилларини бузувчи ташкилот сифатида айбласа, кимлардир унинг Ўзбекистоннинг миллий бренди эканини алқаб, корхонада минглаб оиланинг қора қозони қайнашини таъкидлайди.

Автозаводдаги ишлаб чиқариш жараёни ва бир қанча саволларга жавоб топиш мақсадида, 2-3 март кунлари “Миллий тикланиш” партияси ташаббусига кўра депутатлар, ОАВ вакиллари ва блогерлар иштирокида Андижон вилоятига пресс-тур ташкил этилди.

Биринчи кун давомида журналист ва блогерлар компаниядаги янгиликлар ва ишлаб чиқариш қувватларини модернизациялаш борасидаги ишлар билан танишди.

2021 йил март ойида компания корхонани бошқаришнинг замонавий SAP S/4HANA тизимини жорий этди.

SAP S/4HANA – бу ERP-тизим бўлиб, йирик корхоналарга мўлжалланган ресурсларни режалаштириш учун дастурий пакет. Янги тизимга ўтиш компания мослашувчанлиги, самарадорлиги ўсиши ва харажатларини тежаш имконини беради, шунингдек етказиб бериш занжирини оптимизациялайди. Компаниянинг амалда барча бизнес жараёнларини қамраб олувчи бу тизим такрорланувчи топшириқларни бажаришдан халос бўлиш, мураккаб бизнес-жараёнларни оптимизациялашга қодир ҳамда барча миқёслардаги жараёнлар, жумладан автомобилларни ишлаб чиқариш, етказиб бериш ва бутловчилар логистикаси жараёнлари, тайёр маҳсулот реализациясини тўлиқ автоматлаштириш имконини беради.


 
“UzАutoMotors” компанияси, истеъмолчилар нимани афзал кўришларини аниқлаш мақсадида, 2020-2021 йилларда ўз мижозларига Spark, Nexia, Cobalt ва Lacetti моделларидан ташқари, Chevrolet русумидаги бошқа автомобилларни ҳам харид қилиш имконини бермоқда. Бундай изланишлар натижасида ишлаб чиқаришни Ўзбекистонда ўзлаштириш мумкин бўлган B ва SUV-B сегментида барқарор талаб борлиги аниқланди. Ушбу сегментлардаги янги моделлар – Chevrolet Tracker ва Onix журналистларга намойиш этилди.

Шу билан бирга, меҳмонларга автомобилларнинг янги нархлари, шунингдек яқин келажакда сотувга чиқадиган жорий моделлар учун жорий этиш режалаштирилаётган янги опциялар тақдим этилди.

Пресс-тур давомида журналист ва блогерлар “савол-жавоб” форматида компаниянинг жорий ишлаб-чиқариш-хўжалик фаолияти билан танишди. Чунончи, масалан, ўтган йилги COVID-19 пандемияси жаҳон автомобиль саноатига яримўтказгичли маҳсулотга эҳтиёжни қондириш борсида салбий таъсир кўрсатмоқда.

Замонавий автомобилларнинг аксариятида ўнлаб микросхемалар ишлатилади, айрим ҳолатларда улар сони 150 тагача боради. Чиплар амалда двигателнинг ишлаш режимидан то навигация тизимларигача – барча жиҳатлар учун жавоб беради. Афсуски, глобал муаммо “UzautoMotors” АЖ компаниясига ҳам, жумладан 2021 йил иккинчи чораги ишлаб чиқариш режаларига таъсир кўрсатмай қолмаган.

Ушбу вазиятни GM президенти ва стратегик бозорлар, альянслар ва дистрибьюторлар бўйича бошқарувчи директори Кристиан Соммер ҳам шундай шарҳлади:

“GM глобал етказиб бериш тизими бошқаруви етказиб берувчилар билан уларнинг яримўтказгичлар соҳасидаги талаблари учун ечим топиш ва GM ҳамда шерикларимиз, жумладан “UzAutoMotors” учун таъсирини юмшатиш борасида яқиндан ҳамкорлик қилади. Ниятимиз ҳар бир корхонада имкон қадар кўпроқ ишлаб чиқариш йўқотишларининг ўрнини тўлдиришдан иборат. Ҳозирда биз вазият шу йилнинг иккинчи ярмидаёқ барқарорлашувига аминмиз”.

Бироқ, жаҳон автомобиль ишлаб чиқаришнинг яримўтказгичли бутловчи қисмларга талабнинг тўлақонли қондирилишидаги вақтинчалик чекловлар тўғрисидаги мавжуд ахборот инобатидан, ишлаб чиқариладиган автомобилларни етказиб бериш муддатлари 1-2 ойга чўзилиши режалаштирилмоқда.

Пресс-турнинг иккинчи кунида иштирокчилар Андижон шаҳридаги бир қатор маҳаллийлаштириш корхоналари билан шахсан танишиш имконига эга бўлди:

“Ўз-Донг Янг Ко” – 1997 йилда таъсис этилган бўлиб, ҳозирги кунда “UzAutoMotors” ишлаб чиқарадиган автомобилларнинг ички безак деталларини таъминлайди. Ускуналар панели, эшик қопламаси, ғилофлар, шифт панели, юкхона бўлмаси – бу корхона ишлаб чиқарадиган маҳсулотнинг асосий рўйхати. Корхонанинг ўртача йиллик товар айланмаси 35,6 млн долларни ташкил этади. Корхонада мингдан зиёд ходим ишлайди.

“Ўз-СэМюнг Ко” – 1996 йилда асос солинган, “UzAutoMotors” ишлаб чиқарадиган автомобиллар учун ёқилғи баклари ва насослар ишлаб чиқарувчи Андижон вилоятидаги энг йирик қўшма корхоналардан бири. Шунингдек, корхонада металл ўтампланган деталлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Корхонанинг ўртача йиллик товар айланмаси 50 млн долларни ташкил қилади. Корхонада тақрибан 1 200 нафар ходим ишлайди.

“O‘zERAE Climate Control” – 2010 йилда асос солинган, иситиш, совитиш, вентиляция ва кондиционерлаш тизимларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Корхонада “UzAutoMotors” ишлаб чиқарадиган автомобиллар учун иситиш, кондиционерлар ва совитиш тизимлари боғламалари ишлаб чиқарилади. Корхонанинг ўртача йиллик товар айланмаси 40 млн долларга ташкил қилади.

Умиджон Нозимжонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 1763
Рейтинг: 3
t
×