UzAuto Motors'нинг қанча автомобили Афғонистонга экспорт қилинмоқда?

Жамият 3807
image

Жорий йилнинг 3-4 июль кунлари Ўзбекистондаги ОАВ ходимлари учун UzAuto Motors заводига пресс-тур уюштирилди. 

Пресс-турда иштирок этган QALAMPIR.UZ мухбирининг маълум қилишича, UzAuto Motors заводида ташкил этилган Матбуот анжуманида завод бош директори вазифасини бажарувчи Рустам Ражабов Ўзбекистон автомобилсозлик тармоғининг экспорт бўйича салоҳияти ҳақида маълумот берди.

Маълум бўлишича, Автомобилсозлик тармоғида 2019 йил экспорт салоҳиятини ривожлантириш йили деб эълон қилинган. Ҳозирги вақтда тармоқнинг турли корхоналари  маҳсулотлари Россия, Қозоғистон, Украина, Беларусь, Озарбойжон, Грузия, Арманистон, Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон, Иордания, Ливан, Ироқ, Афғонистон ва африканинг бир қатор давлатларига экспорт қилинмоқда.

2019 йилда тармоқнинг экспорт салоҳияти ҳажми 151 млн АҚШ долларига тенг бўлиши кутилмоқда.

Эътиборлиси, Марказий Осиёдаги нотинч мамлакат ҳисобланадиган Афғонистонда ҳам ўзбек автомобилларига бўлган талаб кескин ортиб боряпти.

“Жорий йилда Афғонистон давлати бизнинг заводимизда ишлаб чиқарилаётган автомобиллардан 10 мингтасини сотиб олиш бўйича таклиф билан чиқди. Айни пайтгача 200 дан зиёд Lasetti автомобили қўшни мамлакатга етказиб берилди.

Олинган таклифларни инобатга олган ҳолда, жорий йилда 250 минг дона автомобиль ишлаб чиқариш режасига ўзгартириш киритмоқчимиз ва бу кўрсаткич йил охирида 270 минг донадан оширилади. Афғонистоннинг 10 минглик талаби тўла қондирилади”, дейди UzAuto Motors заводи бош директори вазифасини бажарувчи Рустам Ражабов.

Эслатиб ўтамиз олдинроқ, UzAuto Motors заводида ишлаб чиқарилаётган автомобиллар орасида қайси бири ички ва хориж бозорларида энг харидоргир бўлиб тургани ҳақида маълум қилган эдик.

Умар Мурод
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 85
Рейтинг: 2.9
t
×