Уй-жой учун субсидия тўланадиган шахсларни танлаш тартиби тасдиқланади
Жамият
−
10 Январь 2020
16638Шаҳар ва қишлоқ жойларида қурилган бирламчи бозордаги уй-жойлар аҳолига фоиз ставкаси бозор ставкалари асосида аниқланган ипотека кредитлари орқали сотилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикасининг Вазирлар Маҳкамасининг “Уй-жой сотиб олиш учун субсидия тўланадиган шахсларни танлаш, мезонларини тасдиқлаш, субсидияларни ҳисоблаш ва тўлаш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарор лойиҳасида келтириб ўтилган.
Ҳужжатга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги, Адлия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги билан биргаликда 2020 йил 1 мартига қадар:
• Ягона интерактив давлат хизматлари порталида уй-жой сотиб олиш учун субсидия тўланидиган шахсларни баллар асосида баҳолаш дастурий таъминот тизими яратилишини ва ишга туширилишини;
• давлат хизматлари марказларини, ариза берувчини белгиланган ижтимоий мезонларга мос келишини аниқлаш ва баҳолашга масъул бўлган ташкилотларнинг туман (шаҳар) бўлимларини, субсидия тўланадиган талабгор шахсларни танлаб олиш бўйича доимий ишлайдиган ҳудудий комиссиянинг ЯИДХПга уланишини;
• ишга туширилган дастурий таъминотни Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими билан интеграциялашувини таъминлайди.
Лойиҳада даромади юқори бўлмаган оила – бир оиланинг қонун ҳужжатларига мувофиқ аниқланиши мумкин бўлган ўртача бир ойлик расмий даромадлари қуйидагича белгиланган:
• қишлоқ жойларда белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 3,8 дан 5,8 бараваригача;
• шаҳарларда (республика ва вилоят бўйсинувидаги шаҳарлар) белгиланган МҲТЭКМнинг 4,0 дан 6,5 бараваригача;
• Тошкент шаҳрида белгиланган МҲТЭКМнинг 4,5 дан 9,0 бараваригача ҳисобланади.
Лойиҳа доирасида шаҳар ва қишлоқ жойларида қурилган бирламчи бозордаги уй-жойлар аҳолига фоиз ставкаси бозор ставкалари асосида аниқланган ипотека кредитлари орқали сотилади.
Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида қурилган бирламчи бозорда уй-жойларни сотиб олиш учун ипотека кредитлари бўйича субсидиялар фақат Тошкент шаҳрида ва Тошкент вилоятида доимий рўйхатдан ўтган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига берилади.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳамда Қурилиш вазирлиги ҳар йили келгуси йил учун квартиранинг бир квадрат метрининг тегишли ҳудуддаги ўртача бозор қиймати ҳамда икки ва уч хонали квартиралар майдонининг энг кам меъёрларини инобатга олган ҳолда уй-жойнинг ҳисобланган қийматини аниқлайди.
Субсидиялар:
• қишлоқ жойларда – биринчи беш йил давомида ипотека кредити бўйича фоиз тўловлари билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун - 10 фоизлик пунктдан ошган қисмига;
• шаҳарларда – бошланғич бадалнинг бир қисмини тўлаш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун уй-жой ҳисобланган қийматининг 10 фоизи миқдорида ва биринчи беш йил давомида кредит бўйича фоизларни қоплаш учун - Тошкент шаҳрида 12 фоизлик пунктдан ошган қисмига, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар шаҳарларида 10 фоизлик пунктдан ошган қисмига тўланади.
LiveБарчаси