Уй талашган қариндошлар ўртасидаги жанжал қотиллик билан тугади
3-саҳифа
−
27 Февраль
9723Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида уй талашган қариндошлар ўртасидаги жанжалда 2004 йилда туғилган йигит бир кишини ўлдириб қўйди. Бу ҳақда ʼʼМилларʼʼ дастури хабар берди.
Маълум бўлишича, узоқ қариндошлар ўртасида бир неча йиллардан буён уй-жой билан боғлиқ низо давом этиб келган. Жабрланувчи можароларга сабаб бўлаётган уй аслида ўзига тегишли эканини билдирган ҳолда, фуқаролик судига ҳам мурожаат қилган.
Ҳолат судда кўриб чиқилиб, даъвогар оилани судланувчи яшайдиган хонадонга мажбурий тартибда киритилиши белгиланган.
Жабрланувчи 2023 йил 18 октябрь куни ушбу хонадонга оиласи билан кўчиб келган. Икки хонали уйдаги келишмовчилик вақтлар мобайнида катта жанжалга айланиб кетган.
Оқибатда судланувчи қўлидаги ўткир тиғли жисм билан жабрланувчи ва унинг ўғлига оғир тан жароҳати етказган. Оқибатда ўғил воқеа жойида ҳалок бўлган. Иккинчи жабрланувчи эса шифохонага етказилиб, унинг ҳаёти сақлаб қолинган.
Маълум қилинишича, жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар судида мазкур иш кўриб чиқилган.
Унга кўра, айбланувчининг онаси икки хонали уйда 4 нафар фарзанди билан яшаши маълум бўлган. Аёлнинг айтишича, жабрланувчи уни ҳақорат қилганидан кейин, ўғли қотилликка қўл урган.
Бир кишининг ўлимига сабабчи бўлган шахс қасддан одам ўлдириш жиноятини содир қилганликда айбдор деб топилиб, 18 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Жазони умумий тартибдаги колонияларда ўташ белгиланди.
Зебо Абдуллаева
LiveБарчаси