Зарарланган уй, қабристон, мактаблар... Тошқиннинг Сирдарёдаги оқибатлари маълум бўлди

Жамият

image

Сирдарё вилоятининг Сардоба туманида сув омбори дамбасининг ёрилиши натижасида инфратузилмага етказилган зарар маълум бўлди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар берди.

Вазирлик хабарига кўра, айни вақтда “Сардоба” сув омборининг ёрилиши натижасида тошқин оқибатларини бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда. Фавқулодда вазиятлар содир бўлган ҳудудда Фавқулодда вазиятлар, Мудофаа, Ички ишлар вазирликлари, Миллий гвардия ва бошқа давлат хизматларининг 2 мингга яқин махсус техникаси ишламоқда. Шунингдек, ушбу ҳудудда Ёнғин ўчириш машиналари ва мотопомпа ёрдамида тошқин суви уйлардан, инфратузилма объектларидан чиқарилиб, суғориш ва дренаж тизимлари тозаланмоқда.

Шунингдек, электр тармоқлари, газ, сув қувурлари ва бошқа турдаги коммунал тармоқларини тиклаш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Ҳозирда тошқиндан зарарланган 58 та базавий мобилъ станцияларидан 48 таси аллақачон таъмирланди. 

Шу билан бирга, ишдан чиққан бошқа инфратузилма объектларига етказилган зарар миқдорини баҳолаш ишлари олиб борилмоқда. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, зарар етган инфратузилма объектларига 8 та болалар боғчаси, 16 та мактаб, 7 та тиббиёт муассасаси, 1 та коллеж, 7 та қабристон, 3 та масжид, 13 та республика аҳамиятидаги кўприк, 52 км узунликдаги йўл, 1 та деҳқон бозорини киритиш мумкин. Шунингдек, 99 та кўп қаватли турар-жой биносига қисман зарар етган.

1

Маълумот учун, Сирдарё вилоятининг сув тошқини бўлган ҳудудларига жойлардан инсонпарварлик ёрдамлари келиши давом этмоқда. Бугунга қадар Сирдарё вилоятига 180 тонна ун, 48 тонна макарон маҳсулотлари, 63 тонна ўсимлик мойи, 47 тонна гуруч, 37 тонна гўшт, 58 тонна шакар, 228 тонна картошка, 176 тонна пиёз ва бошқа маҳсулотлар етказиб берилди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Сардоба сув омбори

Баҳолаганлар

524

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг