“Ўткир савол беряпсиз, лекин...” – МБ раиси ўринбосари Раҳмоновнинг сўконғичлигига “анақа”ларга тўла изоҳ берди
Интервью
−
10 Сентябрь 2019
26560Жорий йилнинг 28 август куни Олмазор тумани ҳокими Бахтиёр Раҳмоновнинг туманда жойлашган банк раҳбарлари билан ўтказган йиғилишда стол уриб мажлис иштирокчиларини сўккани, уларни тинимсиз ҳақоратлаб, ишдан бўшатиш, аризасини олиш билан қўрқитгани ҳақида таҳлилий мақола эълон қилган эдик. Ушбу мақолага исбот ўлароқ аудиоёзув тақдим этилган эди.
Шундан сўнг, жорий йилнинг 4 сентябрь куни QALAMPIR.UZ мазкур аудиоёзувга изоҳ берилиши ва Олмазор тумани ҳокими Бахтиёр Раҳмоновга чора кўрилиши юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Ўзбекистон Республикаси Марказий Банки, Тошкент шаҳар ҳокимлигига мактуб йўллади.
Бугун, 10 сентябрь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган йиғилишда QALAMPIR.UZ мухбири Феруза Нажмиддинова Марказий банк раиси ўринбосари Ориф Бўтаевга мазкур масала бўйича юзланди.
“Биз, менимча, Марказий банк ёки банк тизимига нисбатан ёки қайсидир банкка нисбатан у ёқда бир анақа ортиқча, ёки бўлмаса ҳақоратомуз ёки бошқа бизнинг манфаатларимизга зид келадиган гап-сўзлар айтилмаган. Улар қайсидир шахсларга нисбатан, мисол учун у ерда мен эшитмадим қайсидир банк, мисол учун Миллий банк, Промстройбанк фаолияти юзасидан ёки бошқаси юзасидан, менимча, эътироз билдирмади”, дейди Ориф Бўтаев саволга берган тўмтоқ жавобида.
Ўзбекистонда касаба уюшмалари федерацияси мавжуд. Ходимлар ҳуқуқ ва мажбуриятлари эса Меҳнат кодекси билан белгилаб қўйилган. Бироқ, мажбуриятлар бажарилиб, ҳуқуқлар ҳимоя қилинишига келганда қонунлар ёддан кўтарилади. Кўпчилик ишимни, иссиқ ўрнимни йўқотмай, қора қозонимга, рўзғоримга зарар келтирмай, деб айрим раҳбарларнинг таҳқирлашига кўз юмиб ишлаб келаверади. Агар Олмазор тумани ҳокимининг йиғилишда банк раҳбарлари ва ходимларини ҳақоратлаганига банкларнинг республика бошқарув раислари, уларнинг маъмурияти, Марказий банк кўз юмса, уларни ким ҳимоя қилади?
“Энди, менимча, бу ҳокимият, ҳокимият органининг раҳбар ходимлари бошқа нималарига баҳо ёки бошқа бериш бизни ваколатимиз йўқ. Қонунчилик ҳужжатлари бўйича бизда белгилаб қўйилган нормалар бор. Фуқаролик кодекси бўйича ҳам агар ким ўзига нисбатан ҳуқуқини бузилган ёки бошқа манфаатларини зарар етказилган деб ҳисоблайдиган бўлса, бу бўйича тегишли анақага мурожаат қилишга ҳаққи бор”, дейди Бўтаев.
Мухбир Феруза Нажмиддинованинг “Демак, Марказий банк ҳимоя қилолмайди?”, деган саволига “Ўткир савол беряпсиз, лекин...”, деган Ориф Бўтаев овозини пасайтириб.
“Ҳимоя қилиб, хоп бизга кимгадир нисбатан ё бошқа банк тизимига нисбатан биз айтилган нарса кўрмадик. Шунинг учун бу нарсага ортиқча анақа беришни....”, дейди Марказий банк раиси ўринбосар Ориф Бўтаев.
Воқеалар ривожини QALAMPIR.UZ’да кузатинг!
*Марказий банк раиси ўринбосари Ориф Бўтаевнинг сўзлари ўзгартирилмай кўчирилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь